Университетда миллий қадриятлар тараннум этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тошкент давлат транспорт университетда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида Наврўз сайли бўлиб ўтди.
Байрам сайлида университетдаги мавжуд 8 та факультет ҳамда 1 та халқаро таълим дастурлари факультети профессор-ўқитувчилари, ходимлар ва талабалар иштирок этди.
Университет ҳудуди байрамона руҳда безатилган, атрофда баҳорий кайфият ҳукмрон, барча шоду хуррам. Дошқозонларда сумалак ҳамда миллий таомлар тайёрланмоқда. Факультетлар ўзларига ажратилган жойда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятларнинг миллий таомлари билан дастурхонларни безаган.
[gallery-16755]
Наврўз сайли жарчиларнинг чорлови ҳамда “Карнай-сурнай” ансамбли садолари остида бошланди. Келин салом намойиши, аския санъати, халқ рақслари ижроси, миллий либослар кўргазмаси, фольклор чиқиш, Фарғона, Тошкент лапарлари, шеърий айтишувлар байрамни янада файзли ўтишини таъминлади. Университет стадионида талабалар ўртасида стол тенниси, дартс, армрестлинг, кураш, тош кўтариш мусобақалари ҳамда арқон тортиш, чиллак, эшакминди, от устида кураш, варрак учириш, оқ терак, тош уриш, жамбил (ўртага тушар), арқонда сакраш каби йўқолиб бораётган халқ ўйинлари ўтказилди. Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон ҳунармандлар уюшмаси томонидан болалар учун ўйинчоқлар ясаш маҳорат дарси, қимматли тош ва металлардан ясалган заргарлик буюмлари, турли безаклар, зеб-зийнат маҳсулотлари кўргазма-савдоси ҳам ташкил этилди.
Тадбирда фаоллик кўрсатган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Камола ЮСУПОВА, Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА