Университетда “Китобхонликка тарғиб” лойиҳаси
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “5 муҳим ташаббус” доирасида “Китобхонликка тарғиб” лойиҳаси ташкил этилди.
Унда университетнинг барча факультетлари талабалари иштирок этиб, ҳозирги кундаги энг бестселлер китобларни ўқишмоқда. Хусусан, Жорж Оруэллнинг “1984” романи, Жеймс Клирнинг “Атом одатлар” ҳамда Лев Толстой қаламига мансуб “Анна Каренина” китобларига қизиқиш юқори экани диққатга сазовор.

Инсон камолоти ва билимининг манбаи китоб билан боғлиқ. У инсонни комиллик сари етаклайди. Дарҳақиқат, бу маънавий сарчашма фарзандларимизнинг дунёқарашини бойитади, нутқини ўстириб, хотирасини мустаҳкамлайди.
Китоб маслаҳатчи, садоқатли ҳамрох, энг яқин дўст ва бебаҳо бойлик ҳисобланади. Бола тарбиясида унинг ўрни муҳим. Миллатнинг маънавий-руҳий дунёсини китобга муносабати, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз эришган бетакрор ютуқларнинг сабаби ҳам китоб мутолаасидир. Шу боис юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Шу жиҳатдан талаба-ёшлар ўртасида ҳам китобхонликни кенг тарғиб қилишда бу каби лойиҳаларнинг ўрни беқиёс.

Насиба Элибекова, ЎзА