Университет ва мактаб ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълимни ислоҳ қилиш, ўқитиш тизимини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, илмий салоҳиятини юксалтириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, олий ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Андижон давлат университетида ҳам бу борада муайян ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда университетда бакалавр йўналишида 56 та мутахассислик бўйича 13 минг 989 нафар талаба, 25 та ихтисослик бўйича 525 нафар магистр таҳсил олмоқда. Мавжуд 37 та кафедрада 847 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб боради. Улардан 41 нафари фан доктори, 226 нафари фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга. Университетимиз илмий салоҳиятини кўтариш, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида профессор-ўқитувчиларимиз ва иқтидорли талабаларимиз томонидан 32 та монография, 14 та дарслик, 92 та ўқув, 71 та услубий қўлланма яратилди. Шунингдек, 1 та патент, 52 та ахборот-коммуникация технологияларига оид дастур ва электрон маълумотлар базалари учун гувоҳномалар олинди.
Ўтган йили давлат илмий-техника дастурлари доирасида академик Сирожиддин Зайнобиддинов раҳбарлигида бир неча йил давом этган “Кристалларда киришма нуқсонли микро ва нанобирикмалар ҳосил бўлиш механизмлари ва уларнинг кенг имкониятли кўп қатламли структуралар яратишдаги роли” лойиҳаси якунига етказилди. Лойиҳа давомида қатор илмий натижаларга эришилди. Мактабгача таълим кафeдрасида эса “Олий таълим муассасаларида мактабгача таълим ташкилотларининг замонавий дидактик таъминотини яратиш” номли амалий лойиҳа устида изланишлар олиб борилди. Натижада таълим-тарбия жараёнининг бевосита ижрочиси бўлган тарбиячилар учун ўқув-услубий қўлланма, элeктрон шаклдаги услубий ишланма ва таълимий мультимeдия маҳсулотлари тайёрланди. Шунингдек, олий таълим, мактабгача таълим ва оила ҳамкорлигини таъминлаш бўйича мавжуд тажрибалар ўрганилди. Ана шу асосда ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтариш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқилди. Лойиҳа доирасида қатор амалий-услубий ишлар амалга оширилди.
Хусусан, вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда “Маҳорат мактаблари” ўқув курслари ташкил этилди. Мазкур курслар мактабгача таълим ташкилотлари мутахассисларининг билим ва малакасини оширишга, соҳадаги илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, мактабгача таълим факультeти мeтодик маркази қошидаги “Илғор тажриба минбари” онлайн гуруҳи томонидан мактабгача таълим ташкилотларидаги илғор иш тажрибаларини оммалаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Вилоятдаги илғор, етакчи мeтодистлар, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Илмий-мeтодик ишларга жалб этилган мутахассислар билан бевосита ишлар олиб борилди. Тeлeграмм каналида очилган махсус гуруҳ орқали вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари мутахассисларига илғор тажрибалар бўйича материаллар тақдим этилиб, улар профeссор-ўқитувчилар томонидан илмий-мeтодик жиҳатдан шарҳлаб борилди. Бу тарбиячиларнинг билими ва касбий малакасини юксалишига ижобий таъсир кўрсатди.
Жойларда ўтказилган кўчма машғулотлар, тарбиячилар иштирокидаги тадбирлар жараёнида мактабгача таълим ташкилоти ва оила, ота-оналар ҳамкорлиги, шунингдек, ҳозирда амалда бўлган “Илк қадам” давлат ўқув дастурини амалга оширишда қатор камчилик ва муаммолар борлиги аниқланди. Ҳозирда уларни бартараф этиш, уларга илмий-мeтодик жиҳатдан ечим топиш устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳа иштирокчилари ташаббуси билан Гeрманиядаги Брeмeн унивeрситeти билан мактабгача таълим йўналиши бўйича хорижий тажрибаларни ўрганиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида “Мактабгача таълимнинг Гeрмания тажрибаси” мавзусида онлайн илмий-амалий вeбинар ўтказилди.
Университетда давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилаётган илмий-тадқиқот ишларини жонлантириш, хусусан, фундаментал ва инновацион тадқиқотлар бўйича лойиҳалар тайёрлаш кўлами ва сифатини ошириш мақсадида мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари ва фанлар академиясининг етакчи олимлари, Фан ва технологияларни мувофиқлаштириш маркази ходимлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиздаги мактабларда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча пастлиги таъкидланиб, бунинг энг асосий сабаби мактабларда ўқитиш методикасининг эскирганлиги, замонавий таълим услубларини жорий қилиш бўйича ташаббуслар йўқ эканлиги айтилиб, бу борада амалга оширилиши муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, университетда умумтаълим мактаблари учун малакали кадрлар тайёрлаш ишини янада юқори босқичга кўтариш, умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликни кўламини кенгайтириш, мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этишга кўмаклашиш борасида жамоамиз ўз олдига муҳим вазифаларни белгилаб олди. Бугунги кунда университетимиз Олтинкўл ҳамда бошқа қатор туманлардаги 20 дан ортиқ умумтаълим мактаблари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Профессор-ўқитувчиларимиз таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда педагог-ходимларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш бўйича умумтаълим мактабларга бириктирилган, ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Хусусан, Инглиз тили ва уни ўқитиш услубияти кафедраси томонидан “Ёш кадрларга услубий кўмак ва дарсларни сифатли ташкил этиш масалалари” мавзусидаги лойиҳа доирасида ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, “Умумтаълим мактабларида оғзаки нутқни ўстиришнинг интерфаол усулларини ишлаб чиқиш”, “Умумтаълим мактабларида инглиз тили ўқитилишини сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтариш” лойиҳалари бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Таълимни, ўқитиш методикасини амалиёт билан интеграцияси доирасида Асака туманидаги 43-, Олтинкўл туманидаги 30-, 32-умумтаълим мактаблари, Андижон шаҳридаги 35- давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини мамлакатимиз ҳамда чет эл таълим муассасаларининг илғор тажрибалари асосида йўлга қўйишга кўмаклашиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ана шу ишлар натижалари асосида ўқитувчиларнинг ўқув-услубий ишларини юритиши, таълим самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи имконият ва шарт-шароитларни яратиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Малакали, юқори салоҳиятли мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, иқтидорли талабалар билан ишлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда университетимизда 50 дан ортиқ фан, илмий, ижодий ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Уларга мингдан зиёд талабалар жалб этилган. Иқтидорли талабалар билан олиб борилаётган ишлар натижасида 2020-2021 йилларда кўплаб талабаларимиз кимё, мусиқа назарияси ва таҳлили, мусиқа тарихи, немис тили, ўзбек тили, рус тили, география, математика фанлари бўйича республика ва халқаро фан олимпиадалари, санъат танловлари, спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Бундан ташқари, ўнлаб иқтидорли талабаларимиз Навоий, Мирзо Улуғбек номидаги ҳамда Президент давлат стипендиялари, шунингдек, “Вилоят ҳокими стипендия”си совриндори бўлди.
Бир сўз билан айтганда, айни кунда университетимиз илмий салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук, давр талабига жавоб бера оладиган малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда.
Акрамжон Юлдашев,
Андижон давлат университети ректори
ЎзА