Ҳунармандлик маҳсулотлари – экспортга
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасида ҳунармандлик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасида ҳунармандлик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда мутасадди давлат ташкилотлари, саноат корхоналари ва ташқи савдо компаниялари вакиллари, ҳунармандлар иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори вазифасини бажарувчи Ж.Мустафоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти юксалиб бораётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 8 августда қабул қилинган қарори асосида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Жамғарма ишлаб чиқарувчиларнинг чет элларда ўтказилаётган йирик халқаро ярмаркалар, бизнес-форум ва кооперацион биржаларда иштирок этиши, харидорлар топиши ва шартномалар тузишига, экспорт жўғрофиясини кенгайтиришга кўмаклашмоқда. Жорий йилнинг ўтган саккиз ойида жамғарма томонидан 657 тадбиркорлик субъектига ташкилий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди. Натижада 630,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги товар ва хизматлар, жумладан, 13 миллион долларга тенг ҳунармандлик маҳсулотлари экспорт қилинди.
Халқ амалий санъати ва ҳунармандчилигимиз маҳсулотларига хорижликларнинг қизиқиши юқори. Миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида юртимизда бу соҳалар ҳам изчил тараққий этмоқда. Республика “Ҳунарманд” уюшмаси қошида олти юздан ортиқ “Устоз-шогирд” мактаби фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежларида заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, миллий-этнографик бадиий либослар дизайнерлиги, тўқувчилик, каштачилик, темирчилик каби қатор йўналишларда минглаб ўқувчилар таҳсил олмоқда. Ёш ҳунармандлар ва моҳир усталаримизнинг кулолчилик, ўймакорлик, каштачилик, зардўзлик, кандакорлик буюмлари турли халқаро кўргазмаларда намойиш этилиб, эътибор қозонмоқда.
– Президентимиз раҳнамолигида миллий ҳунармандликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар фаолиятимиз ривожида муҳим омил бўлаётир, – дейди хусусий тадбиркор М.Саъдуллаев. – “МММ” савдо белгиси остида табиий теридан гиламлар тайёрлаймиз. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида турли халқаро кўргазма ва ярмаркаларда қатнашиб, маҳсулотларимизни экспорт қилмоқдамиз. Хусусан, жорий йилнинг май ойида Хитойнинг Сиан шаҳрида ўтган халқаро саноат ярмаркасида 20 минг долларга гиламлар сотдик ва яна 200 минг долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик.
Давра суҳбатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, уларга замонавий, чет эл бозорларида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда кўмаклашиш масалалари муҳокама этилди.