Улушли қурилишларнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда уй-жой соҳасини изчил ривожлантириш ва аҳоли учун қулай бўлган шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолини муносиб ва арзон уй-жой билан таъминлаш мақсадида қурилиш соҳасида тадбиркорлик субъектлари учун қатор зарур шарт-шароитлар яратилди. Натижада сўнгги 9 йилда мамлакатимизда қарийб 10 мингта янги қурилиш корхонаси иш бошлади. Ўтган йиллар мобайнида 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уй-жой барпо этилди.
Аммо шу билан бирга, бугунги кунда улушли қурилишларни топшириш муддатлари, уларнинг сифати, ҳолати борасида муаммолар бор. Қурилиш бошланиб, якунига етмасдан ташлаб кетиш ҳолатлари учраяпти. Бунга лойиҳавий бошқарув, молиявий бошқарувнинг тўғри йўлга қўйилмагани кабилар ҳам сабаб бўлмоқда.
Шу каби масалалар ҳамда қурилиш ишлари ҳажми тез суръатларда ўсиши улуш киритиш асосида кўп квартирали уйларни қуриш соҳасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашни талаб этади. Шу билан бирга, соҳада ваколатли давлат органларининг, қурилиш ташкилотларининг вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини аниқ белгилашни тақозо этмоқда.

Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасида кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектлар қурилишига жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини жалб қилиш тартиби, қурувчи қурилиш объектини электрон платформада рўйхатдан ўтказганидан сўнг қурилиш объектини қуриш учун улушдорларнинг маблағларини жалб қилиши ўз аксини топмоқда. Шунингдек, электрон платформада қурилиш объекти тўғрисидаги маълумот ва ҳужжатларни барча учун очиқ ҳолда жойлаштириш, улуш киритиш асосида қурилаётган объектлардан хонадон харид қилиш, шартномаларни расмийлаштириш онлайн равишда ушбу электрон платформа орқали амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳада қўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини олиб бориш тартиби назарда тутилмоқда.
Лойиҳадаги нормалар қурилишга улуш киритишнинг амалдаги механизмини тубдан такомиллаштиришга, улушдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатлашга, улушли қурилишни молиялаштириш механизмларини аниқ белгилашга ҳамда соҳада жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА