Қулай инвестиция муҳити самараси
Мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун қулай инвестиция муҳити яратилгани ҳиндистонлик сармоядорларнинг ҳам Ўзбекистонда ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйишида муҳим омил бўлмоқда. 2012 йилда Бухоро шаҳрида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Bukhara – India Textilе” қўшма корхона ташкил этилган.
Мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун қулай инвестиция муҳити яратилгани ҳиндистонлик сармоядорларнинг ҳам Ўзбекистонда ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйишида муҳим омил бўлмоқда. 2012 йилда Бухоро шаҳрида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Bukhara – India Textilе” қўшма корхона ташкил этилган.Тикувчилик ва тўқувчиликка ихтисослашган мазкур корхона ўтган қисқа даврда ички бозорда ўз ўрнини топди. Бу ерда тайёрланаётган эркак ва аёллар кийим-кечаклари харидорларга манзур бўлмоқда. Ушбу маҳсулотлар буюртма асосида харидор талаб ва хоҳишига кўра исталган бичим ва ҳажмда тайёрланади.
– Цехимиз замонавий тикув машиналари билан жиҳозланган, – дейди тикувчи Ширин Очилова. – Маҳсулотларимизни буюртмачиларнинг дидига мос, миллий ва замонавий бичимда тайёрлаб, ўз вақтида уларга етказамиз. Бу жуда муҳим. Корхонамиз фаолият бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Лекин уни вилоят ташқарисида ҳам яхши билишади. Яқинда Навоий вилояти Зарафшон шаҳри маданият ва спорт ишлари бўлими буюртмаси асосида оммавий-маданий тадбирлар учун саҳна либослари тайёрлаб бердик.
Корхона маҳсулотлари орасида шиша идишлар учун дизайн декор-тўрчалар алоҳида ўрин эгаллайди. Уларнинг асосий буюртмачиси шифобахш бальзам ишлаб чиқарувчи Бухоро шаҳридаги “Бух-Тел” Ўзбекистон – Исроил қўшма корхонасидир.
Зар ипдан тўқиладиган декор-тўрчаларни “Bukharа – India Textilе”га унинг касаначилари тайёрлаб беради. Меҳнатнинг бу шакли корхона учун жуда қулай. Қолаверса, уй меҳнати билан шуғулланувчи 23 хотин-қизга ҳам ўнғай.
– Корхона материални уйимизга ўз транспортида етказиб беради ва тайёр декор-тўрчаларни олиб кетади, – дейди Когон шаҳридан Моҳичеҳра Қобилова. – Касаначилик, айниқса, аёлларбоп ишдир. Бола парвариши, уй-рўзғор юмушларидан ортиб, бўш вақтингизда меҳнат қилиб, даромад топасиз. Бу оила бюджетига ёрдам бўлиб қўшилади.
“Bukhara – India Textilе” барқарор ривожланаётган субъектлардан. Жорий йилда корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилгига нисбатан 30 фоиз ошириш кўзда тутилмоқда.
– Экспорт ҳар қандай корхонанинг салоҳият даражасини, истиқболини белгиловчи кўрсаткичлардан биридир. – дейди “Bukhara – India Textilе” корхонаси бош директори Ширин Ёқубова. – Шунинг учун маҳсулот ва хизматларимизни хориж бозорига чиқариш режаларини ишлаб чиқиб, қизиқиш билдирган томонларнинг таклифини ўрганмоқдамиз. Яқин истиқболда корхонамиз экспортчилар рўйхатидан ўрин олишига ишонамиз.
Корхона фаолият доирасини кенгайтириш мақсадида турли ўлчамдаги кўрпа-тўшак жилдлари, чойшаб, хўжалик қўлқопи ишлаб чиқаришни ҳам режалаштирмоқда. Бу корхонада иш ўринлари сони янада кўпаяди демакдир.