Ука акасига, аёл эрига донор бўлди
Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг таниқли шифокор мутахассислари томонидан Наманган вилоятида ўтказилган мураккаб жарроҳлик амалиёти туфайли оғир дардга чалинган икки беморнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Учқўрғон тумани Пахтачи маҳалласида 1991 йилда туғилган А.В. анчадан буён буйрак етишмовчилигидан азият чекиб келарди. Тўрт йил давомида даволаниш машаққатли ўтди. Туман тиббиёт бирлашмасида сунъий буйрак ускунаси ишга туширилгач, нажотни шу даргоҳдан излади. Бироқ, оғир дарддан қутилишга имкон топилмади. Унинг яшаши учун буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиётини ўтказишдан бошқа чора қолмаган эди.

Шифокорлар мазкур амалиётни бажаришга қодир, бироқ соғлом буйрак берадиган донор топиш муаммо. Шундай мураккаб вазиятда беморнинг укаси буйрагининг биттасини акасига кўчириб ўтказилишига розилик билдирди. Сурункали буйрак етишмовчилигининг бешинчи даражасини бошидан ўтказаётган беморни соғломлаштириш учун мамлакатимизнинг тажрибали шифокор-олимлари Наманганга етиб келди.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Ҳожибоев, тиббиёт фанлари доктори Пўлат Султонов раҳбарлигидаги жарроҳлар гуруҳи бир неча соат давомида соғлом инсон буйрагини касалликдан азият чекаётган беморга кўчириб ўтказди. Бу мазкур филиалда олиб борилган шу турдаги иккинчи жарроҳлик амалиёти сифатида эътироф этилди.

Яна бир оғир жарроҳлик амалиётида жарроҳлик столига янгиқўрғонлик эр-хотин ётқизилди. Уч фарзанднинг отаси, 44 ёшли А.Т. бир йилдан буён оғир дард азобини чекаётган эди. Аёли Г.М. турмуш ўртоғининг ҳаёти давомийлиги учун бир буйрагини беришга қарор қилди. Таниқли шифокорлар томонидан амалга оширилган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди.
Ҳозирда беморлар соғлом ҳаёт сари қадам ташламоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.