Ҳудудий дастурлар фаровонликка хизмат қилмоқда
Фарғона вилоятида 2015 йилда мақсадли дастурлар доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 3 минг 881 истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Бу 584 миллиард сўмликдан зиёд инвестицияларни ўзлаштириш ва 23 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини берди.
Фарғона вилоятида 2015 йилда мақсадли дастурлар доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 3 минг 881 истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Бу 584 миллиард сўмликдан зиёд инвестицияларни ўзлаштириш ва 23 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини берди.Бешариқ туманида ўтган тадбиркорлар учрашувида ана шундай ҳудудий дастурлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ҳудудлар ободлиги ва аҳоли фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Фарғона вилоятида жорий йилда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, таркибий ўзгаришларни янада кенгайтириш орқали макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган мақсадли дастурлар ишлаб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланмоқда. Кейинги йилларда шаҳар ва туманларда ҳам ҳудуд имкониятидан келиб чиқиб, истиқболли дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Бешариқ туманида ҳам жорий йилда транспорт, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ таъминотини янада яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2016 йилги Инвестиция дастури доирасида умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари, маданият ва аҳоли дам олиш масканлари, туман тиббиёт бирлашмасида мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш, замонавий спорт заллари қуриш режалаштирилган.
Саноат салоҳиятини ошириш дастурига кўра, бу йил туманда 25 лойиҳани амалга ошириш, 3 йирик ва 71 кичик саноат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳисобидан қарийб 20 миллиард сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. “Чорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилиши кўзда тутилаётган кичик саноат зонасида енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида 7 лойиҳа амалга оширилиб, 150 янги иш ўрни яратилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали 286 бош қорамол, 40 минг парранда, 62 гектар майдонда балиқчилик, 381 уя асалари оилалари ташкил этилади. Бу борада белгиланган тадбирлар режасига мувофиқ, 46,2 минг хонадонга бириктирилган 2,9 минг гектар томорқада кундалик эҳтиёж маҳсулотлари етиштирилади.
Шу тариқа жорий йилда ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 28,3 миллион доллар миқдорида, шундан 27,6 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилади.
Учрашувда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.