Учрашувда муаммолар ҳал этилмоқда
“Пайшанба – ёшлар куни” муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Санжар Жабборов Хонобод шаҳрида ёшлар билан учрашди.
Ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида ўтказилган учрашувда Хонобод шаҳрида ички ишлар органларига бириктирилган ҳамда пробация назоратида бўлган ёшлар иштирок этди.

Мулоқот давомида ёшлар ишга жойлашиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар олиш, касб-ҳунар ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, пробация назоратидан муддатидан аввал озод этиш масалалари юзасидан таклиф ва мурожаатлар билдирди.

Ҳар бир мурожаат тегишли мутасаддилар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича чоралар белгиланди. Айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш ва уларни тадбиркорликка йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятларини қўллаб-қувватлаш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.


Шунингдек, учрашув давомида Хонобод шаҳар ички ишлар бўлимига бириктирилган икки нафар ёшнинг яшаш хонадонига бориб, уларнинг яшаш шароитлари, муаммолари яқиндан ўрганилди. Улар томонидан билдирилган масалаларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга вазифалар белгиланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА.