Уч гектар ер учун 40 минг доллар...
Жамият раҳбари иш тез ва муаммосиз ҳал бўлиши эвазига фуқародан 40 минг АҚШ доллари беришни талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ер савдоси билан боғлиқ яна бир жиноий ҳаракатга чек қўйилди.
Урганч туманида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари шу туманда яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, жамиятга чорвачилик учун ажратилган ер майдонидан 3 гектарини Урганч тумани ҳокимлиги захирасига қайтариб, унинг номига расмийлаштириб беришини ваъда қилади.
Жамият раҳбари иш тез ва муаммосиз ҳал бўлиши эвазига фуқародан 40 минг АҚШ доллари беришни талаб қилади.
Ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билган урганчлик фуқаро ушбу фирибгарлик ҳолати юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилади.
Мурожаатга асосан ўтказилган тезкор тадбирда жамият раҳбари фуқародан 3 гектар ер майдони эвазига талаб қилган 40 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Ҳолат юзасидан жамият раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Наҳотки, фуқаролар ер майдони ажратиш ёки уй-жой қилишда қонунни четлаб ўтиб, тинч ҳаётини жиноят манзилига алмаштирса? Ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб, қинғир йўл билан нотўғри манзил сари отганланган ушбу фукаро эндиликда қонун олдида жавоб беришга мажбур.