Уч авлод учрашуви
Сирдарё вилоят божхона бошқармасида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. “Сирдарё” чегара божхона постида ўтказилган тадбирда божхона фахрийлари, ёш ходимлар ва Гулистон шаҳридаги 9-сон умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирок этди.
Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, соҳада узоқ йиллар хизмат қилган нуронийларнинг ҳаётий тажрибасини ёш авлодга етказиш, уларда ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир, айниқса, кейинги авлод вакиллари учун мазмунан бой ва унутилмас учрашув бўлди.

Тадбирда сўзга чиққан бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Лола Халилова юртимизда кексалар ва фахрийларга кўрсатилаётган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Уларнинг ҳаётий тажрибаси ёш авлод учун муҳим ибрат мактаби эканини алоҳида қайд этди.

Учрашув давомида фахрийлар ўз хизмат фаолиятидаги тажрибалари билан ўртоқлашиб, бугунги тинч ва фаровон ҳаёт учун шукроналик билдирдилар. Шу билан бирга, божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, замонавий техник воситаларнинг жорий этилиши хизмат самарадорлигини ошираётганини таъкидладилар.

Тадбирнинг амалий қисмида иштирокчилар божхона постида яратилган шарт-шароитлар, йўловчиларга хизмат кўрсатиш жараёнлари ҳамда назорат тизими билан танишдилар. Хусусан, “Z-Portal” инспекцион кўрик мажмуаси имкониятлари намойиш этилди.

Шунингдек, хизмат итлари иштирокида ўтказилган кўргазмали чиқишлар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.


– Мазкур учрашув авлодлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, ёшларда Ватанга садоқат ва касбга ҳурмат туйғуларини шакллантиришда муҳим ўрин тутди. Айниқса, ёш авлод вакиллари учун катта ва ўрта авлод вакиллари томонидан юртимизда, хусусан, божхона тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар, яратилган шарт-шароит ва қулайликлар ҳақида билдирилган фикрлар уларда божхона соҳасига бўлган қизиқишни оширишга, билимларини янада мустаҳкамлашга замин яратди, – дейди Сирдарё вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Алишер Ғаффоров.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири