“ТУРКСОЙ – Ўзбекистон” китоби тақдимоти
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан 4 сентябрь куни “ТУРКСОЙ – Ўзбекистон” китобининг онлайн тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан 4 сентябрь куни “ТУРКСОЙ – Ўзбекистон” китобининг онлайн тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, ТУРКСОЙ Бош котиби Дюсейн Касеинов, Туркия Республикаси Президентининг бош маслаҳатчиси Ялсин Тўпчу, мамлакатимизнинг Анқарадаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев, Туркиянинг Тошкентдаги элчиси Меҳмет Суреййа, Ўзбекистон – Туркия парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Усмон Местен, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги маданият дипломатияси бўлим бошлиғи ўринбосари Эмир Салим Юксел иштирок этди.
ТУРКСОЙ Бош котиби Дюсейн Касеинов “ТУРКСОЙ – Ўзбекистон” китоби чоп этилиши муносабати билан ташкилотнинг барча аъзоларини қутлади.

Мазкур нашрда 2020 йилда Хива шаҳрининг Турк дунёси маданияти пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказилган анжуман ва фестивалларнинг аҳамияти ҳақидаги маълумотларга кенг ўрин берилган. Шунингдек, туркий халқларнинг буюк шахслари, улуғ мутафаккир Алишер Навоий, ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан Абдулла Қодирий, янги ўзбек адабиёти вакили, шоир Шукруллонинг турк шеърияти ва санъатига қўшган улкан ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар билан бойитилган.
Тақдимот чоғида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев Хива шаҳри турк дунёси маданияти пойтахти сифатида ўзбек халқи урф-одатлари ва юртимизнинг туризм салоҳиятини тарғиб этишга катта ҳисса қўшишини таъкидлади. Маданият ва санъат соҳаларидаги ўзаро алоқалар қардош халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлаши қайд этилди.
Тадбирда Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасидан парча ўқилди, туркий давлатлар санъат усталари томонидан Хива шаҳрининг гўзаллиги, санъати ва урф-одатлари ҳақидаги тароналар ижро этилди.
