Туркманистонда яна бир йирик форум бошланди
Ашхобод шаҳрида бунёдкорлик ва тараққиёт йўлини танлаган суверен қардош юртни иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатга айлантиришда муҳим ўрин тутадиган тармоқлар имкониятини яққол намойиш этувчи "Туркманистоннинг қурилиш, саноат, кимё ва энергетика соҳаларини ривожлантириш" мавзусидаги халқаро кўргазма ва конференция иш бошлади.
ТDH ахборот агентлиги хабар беришича, мамлакатда кенг нишонланаётган Қурилиш ва саноат мажмуаси ходимлари кунига бағишлаб ўтказилаётган мазкур кенг қамровли тадбир Туркманистоннинг қурилиш, саноат ишлаб чиқариши, энергетика, кимё саноати ва йўл қурилиши соҳаларидаги ютуқларини тақдим этиш баробарида, иштирокчиларни дунёга машҳур компаниялар таклиф этаётган ихтисослаштирилган ускуналар ва илғор технология билан яқиндан таништиради ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш учун истиқбол очади.
Халқаро кўргазма ва анжуманда 60 га яқин давлатнинг 800 дан зиёд делегати иштирок этяпти. Тадбир дунёга барқарор ривожланаётган давлат сифатида танилаётган Туркманистон билан самарали мулоқот ўрнатишга хорижий ҳамкорлар жиддий қизиқиш билдираётганининг яққол тасдиғидир.
Кўргазманинг очилиш маросимида Парламент ва ҳукумат аъзолари, вазирлик, тармоқ идоралари, дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилганлар Президент Сердар Бердимуҳамедовнинг халқаро форум иштирокчиларига табригини алоҳида эътибор билан тингладилар. Кўргазмада Туркия, Франция, Швейцария, Россия, Хитой, Эрон, Ўзбекистон каби мамлакатлардан кўплаб етакчи компаниялар иштирок этяпти. Хорижий ишбилармон доираларнинг бундай нуфузли таркиби энг илғор жаҳон тажрибаси ва технологиясини жалб қилишга аҳамият бераётган Туркманистоннинг жадал ривожланаётган бозорига қизиқиш ортаётганидан дарак беради.
Иккинчи кун конференция "Энергетика ва кимё саноати юқори сифатли маҳсулотлари ва халқаро инвестиция жалб қилиш имконияти", "Йўл инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий технология, инновацион қурилиш материаллари ва истиқболли меъморий ечимлар", "Инфратузилма, саноат ва транспорт боғлиқлигини ривожлантиришга сармоя ва давлат-хусусий шериклик", "Давлат ва хусусий секторнинг иқтисодий ҳамкорлиги" каби мавзулар бўйича шўъба йиғилишлари шаклида давом этади. Форумнинг учинчи кунида махсус йиғилиш доирасида "ақлли" шаҳарларни ривожлантиришда рақамли қурилиш ва илғор технология, инновацион ечим ва бўлажак мутахассислар касбий кўникмасини такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
А.Маматов, ЎзА