Туркманистон Президенти билан учрашув
Ашхобод шаҳрига амалий ташриф билан борган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов қабул қилди.
Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга мактубини топширди.
Учрашув чоғида олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувлар ижроси юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси туфайли давлатлараро муносабат сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқа салмоқли даражада фаоллашди. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам шериклик изчил амалга оширилмоқда.
Мулоқотда Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, янги минтақавий бозорларга чиқиш учун инфратузилмавий ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокара чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати.