Туркманистон элчиси брифинг ўтказди
Дўстона яқинлик ва яхши қўшничилик Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг асосий таянчига айланган. Икки қардош халқ азалдан тарих, тил, маданият ва урф-одат жиҳатидан муштаракликка эга бўлиб, бу яқинлик замонавий геосиёсий мураккабликлар шароитида ҳам манфаатларни уйғунлаштириш, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бугун икки мамлакат ўртасидаги муносабат сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзаро ташрифлар, ҳамкорлик форумлари, чегара олди савдо ҳудудларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар нафақат расмий доиралар, балки халқларимиз орасидаги ришталарни ҳам мустаҳкамламоқда.
Туркманистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида ўтказилган брифинг ҳам фикримизни яққол исботлайди. Туркманистон мустақиллигининг 34 йиллиги, БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатлар бўйича Учинчи конференцияси (LLDC), Туркманистон Халқ Маслаҳати йиғилиши каби муҳим воқеаларга бағишланган ушбу тадбир қардошлик ва ҳамжиҳатликнинг амалий намунаси сифатида намоён бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, хорижий дипломатлар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар аъзолари, шунингдек Республика туркман маданият маркази ва ўлкамиздаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган туркманистонлик талабалар иштирок этди.
Йиғин аввалида Туркманистоннинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шодурди Мередов сўзга чиқиб, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабат, стратегик ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойили асосида ривожланаётган алоқалардан мамнунлигини таъкидлаб, сўнгги йилларда икки ўлка ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги алоқалар янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этди.
[gallery-25547]
– Жорий йил мамлакатларимиз олий даражада тўрт ташриф амалга оширди, – деди дипломат. – 2025 йилнинг 8 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион долларга яқинлашди. Томонлар яқин йилларда савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Ҳозир “Дашоғуз-Шовот” чегара олди савдо ҳудудини ишга тушириш ва Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунларини ўтказишга тайёргарлик қизғин давом этяпти.
Анжуманда БМТнинг республикамиздаги доимий координатори Сабине Махл хоним ҳам сўз олиб, жорий йил 4-8 август кунлари “Аваза” миллий сайёҳлик ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар бўйича Учинчи конференцияси барқарор ривожланиш ва бу давлатларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви масалалари бўйича глобал мулоқотда муҳим босқич бўлганини эътироф этди. Туркманистоннинг транспорт, энергетика ва “яшил иқтисодиёт” бўйича халқаро кун тартибини шакллантиришдаги етакчи ролини таъкидлади.
Шунингдек, давра суҳбатида Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов икки давлат ўртасидаги тарих, маданият ва маънавий қадриятлар муштараклигига асосланган стратегик ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлаб, сўнгги йилларда ўзаро муносабатлар ишонч ва ҳамкорликнинг янги босқичига кўтарилгани алоҳида қайд этди. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар янада кенгайишига ишонч билдирди.
Ў.Алимов, Р.Назарматов (сурат), ЎзА