Туркия қардош мамлакат футболчиларининг мақомини ўзгартирмоқчи
Туркия чемпионатида фаолият юритаётган Ўзбекистон ва Қозоғистон каби туркий давлатларнинг футболчилари мамлакат чемпионатида хорижий футболчилар эмас, балки туркий давлат футболчилари сифатида қайд этилиши мумкин.
Бу ҳақда хабар тарқатган “TRT Haber” нашрининг келтиришича, Туркиянинг ҳукмрон партияси саналган Адолат ва тараққиёт партияси (AK Parti) раиси ўринбосари Курсад Зорлу туркий мамлакатлардан Туркияга келган футболчилар хорижий футболчилар эмас, балки туркий футболчилар сифатида ўйнашини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, туркий давлатлар футболчиларининг мақомини ўзгартириш бўйича ишлар аллақачон бошланган. Бу масала Туркия футбол федерацияси раҳбарияти билан ҳам муҳокама қилинган.
-Мақсад, шунчаки мақомни ўзгартириш эмас, балки туркий халқлар ўртасида футбол тизимидаги яқинликни янада мустаҳкамлаш. Агар биз ушбу лойиҳани якунласак, 200 миллиондан ортиқ аҳолига эга туркий дунё бўйлаб ёш истеъдодларни кашф эта олиш имконияти янада ортади. Бу орқали ёш футболчилар Европа ва жаҳон майдонларига чиқиш имконияти кенгаяди. Қолаверса, халқаро мусобақаларда туркий давлатлар миллий жамоаларининг муваффақиятини оширишга шароит яратиши билан бирга мамлакатларимиз футбол академиялари тизимларида ривожланиш таъминланади, - дея таъкидлаган Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари Курсад Зорлу.
Т. Рўзиев, ЎзА