Туркия Ойга фазовий кема учиради
Туркия коинот ва космик технологиялар соҳасидаги салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида икки йирик лойиҳани амалга оширишга киришди.
Анқара Коинот ва об-ҳаво мониторинги маркази (UHUM)ни ташкил этишга тайёргарлик кўриш баробарида, илк фазовий қурилмасини Ой томон учиришни режалаштирган. “Анадолу” агентлиги мамлакатнинг 2027 йил режасига таяниб хабар беришича, Миллий космик дастур доирасида Ойни тадқиқ қилиш ва маҳаллий сунъий йўлдошларни ривожлантириш асосий устувор вазифа сифатида белгиланган.
“UHUM” маркази коинотдаги об-ҳаво ўзгаришини узлуксиз кузатади, оқибатни мувофиқлаштиради ва иқлимни олдиндан тахмин қилади. Ушбу мажмуа олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари изланишларини мувофиқлаштириб, халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиради.
Қуёш бўрони ва коинотдаги об-ҳаво ўзгариши сунъий йўлдош, алоқа, навигация тизими ҳамда ер усти электр тармоғи барқарорлигига хавф туғдиради. Шу боис бундай ҳодисаларни доимий назорат қилиш стратегик аҳамиятга эга. Мазкур йирик лойиҳа Туркия Саноат ва технология вазирлиги раҳбарлигида Коинот агентлиги, “TÜBİTAK” ҳамда етакчи университетлар ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА