Туркия – иқтисодий салоҳиятга бой, салоҳияти юқори мамлакат
Туркия Республикасининг 97 фоиз ҳудуди Осиёда, 3 фоизи Европада жойлашган давлат. 85 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган ушбу мамлакатда иқтисодиёт, айниқса туризм соҳаси ривожланган.
Иқтисодиёт
Туркия иқтисодиёти Халқаро валюта жамғармаси орқали ривожланаётган, бозор тамойилига асосланган тизимга эга, дунёнинг янги саноатлашган давлатлари қаторига киради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, автотранспорт воситалари, кема ва бошқа транспорт ускуналари, қурилиш материаллари, маиший электроника савдоси анча илгарилаб кетган. Саноат, банк, транспорт ва алоқа йўналишларида давлат иштироки муҳим аҳамият касб этса-да, хусусий сектор фаолияти ҳам маълум бир даражага чиққан.
“The World Factbook” маълумотига кўра, хорижий экспертлар, жумладан, иқтисодчи ва сиёсатшунослар Туркияни дунёдаги энг саноатлашган мамлакатлардан бири, дея эътироф этмоқда. Сўнгги йиллари бу ерда иқтисодий соҳани тараққий эттириш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга ошириляпти. Масалан, ишлаб чиқариш фаолияти кенгаймоқда, товар экспорти, умуман, ташқи савдо ва инвестиция лойиҳалари билан ишлаш, соҳа ривожига йўналтирилган чора-тадбирлар ижросини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Натижада ўтган йили Туркия иқтисодиёти 2020 йилга нисбатан 11 фоиз, охирги чоракнинг ўзида 9,1 фоиз ўсди. Туркия Статистика ташкилоти эълон қилган, 2021 йилда ишлаб чиқариш усули билан ҳисоб-китоб қилинган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) натижаларига кўра, ўтган йили ЯИМ 42,8 фоиз кўпайиб, 7 триллион 209 миллиард 40 миллион лирани ташкил этган.
2021 йил аввалги йилга нисбатан саноат 16,6 фоиз, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳаси 7 фоиз, риелторлик фаолияти 3,5 фоиз ўсди. Молия ва суғурта фаолияти 9 фоиз, қишлоқ хўжалиги сектори 2,2 фоиз ва қурилиш сектори 0,9 фоиз камайган.
Туркияда йирик бизнес ва саноат марказлари мавжуд. Бир қанча хусусий банк, фирма, машҳур телеканаллар мамлакат иқтисодиётига катта фойда келтиради. Тарихий масканлари, ёдгорликлари, денгиз соҳили, юқори даражали сервис хизмати билан машҳур Истанбулга ҳар йили ўртача 10 миллион атрофида хорижлик сайёҳ ташриф буюради.
Статистика институти ва Савдо вазирлиги ҳисоботида эълон қилинишича, 2021 йил Туркия экспорти аввалги йилга нисбатан 17,2 фоиз ортиб, 17 миллиард 587 миллион долларга, импорти эса 54,2 фоиз ортиб, 27 миллиард 848 миллион долларга етган.
Туркия – Европа иттифоқи ҳамкорлиги
Туркия кўплаб мамлакатлар билан иқтисодий соҳада мустаҳкам алоқа ўрнатган. Масалан, Европа иқтисодий жамияти ташкил топганидан буён минтақа давлатлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда. Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги иқтисодий алоқа бугунги кунга келиб янги босқичга кўтарилган. Биламиз, ЕИ ер юзидаги энг йирик интеграциялашган иқтисодий ташкилот сифатида халқаро инвестиция киритиш бўйича биринчи ўринда туради. Иттифоққа аъзо 28 мамлакат жаҳон импорти ва экспорти бўйича етакчи. Бунда Туркиянинг иштироки ҳам салмоқли.
Аниқроғи, Туркия иқтисодиёти Европа Иттифоқи билан юқори даражада интеграциялашган. ЕИ-Туркия Божхона иттифоқи саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан божхона тўлови ва бошқа турли чекловларни олиб ташлашдан ташқари интеграция жараёнини осонлаштиришда ҳал қилувчи вазифани бажаради. Божхона иттифоқи турк фирмаларининг Европа ишлаб чиқариш тармоқларига вертикал интеграциялашувини рағбатлантиради, Туркия божхона бошқарувини модернизация қилишга ёрдам беради. Хуллас, мамлакатнинг ЕИга аъзолиги минтақада иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш имконини яратди.
Туркия 2021 йил энг кўп товарни Германия ва АҚШга экспорт қилган. Бу икки мамлакат билан савдо ҳажми Туркия умумий экспортининг 15 фоизига тўғри келади. “Anadolu” агентлиги хабар беришича, “Норвегия бойлик жамғармаси” 2020 йил охиригача Туркиядаги акцияларига 812 миллион доллар сармоя киритган. Демак, ушбу давлатнинг иқтисодий салоҳияти ортмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатнинг иқтисодий шериклари икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратяпти. Жумладан, президент Режеп Таййип Эрдўғон ва АҚШ етакчиси Жо Байден учрашувида икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини 21 миллиард доллардан 100 миллиард долларга чиқариш мақсади илгари сурилди. Яна бир маълумот: Туркияда Германия сармояси иштирокида 7 минг 600 дан зиёд компания фаолият юритмоқда. Қолаверса, Туркия раҳбари Германия собиқ канцлери Ангела Меркелнинг Истанбулга ташрифи чоғида ташқи савдо ҳажмини 50 миллиард долларга етказишни кўзлаётгани ҳақида таъкидлаганди.
Машҳур брендлар
Туркияда ишлаб чиқариш корхоналари ва машхур бренд остида фаолият юритаётган ташкилотлар кўп. Ҳар йили энг номдор, бренди бутун дунёга маълум ташкилотлар руйхати эълон қилинади. Мисол учун, Туркия миллий авиа ташувчиси, “Turkish Airlines” ширкати мамлакатнинг энг қиммат брендлари орасида биринчи ўринни эгаллади.
“Brand Finance” халқаро таҳлил агентлиги тадқиқотига кўра, Туркия ҳаво йўллари 2021 йил 1 миллиард 605 миллион долларлик қиймат билан Туркиянинг энг қиммат брендига айланди.
Рўйхатда иккинчи ўринни “Arçelik!” компанияси 1 миллиард 585 миллион долларлик бренд билан эгаллаган бўлса, кейинги поғонада “İş Bank” (1 миллиард 193 миллион). Тўртинчи ўринда Туркия молиявий хизматлар компанияси – “Garanti BBVA” банки 1 миллиард 190 миллион доллар билан жойлашди.
“Turkcell” мобил алоқа оператори (1 миллиард 61 миллион), “Ziraat Bank” (952 миллион), “Akbank” (917 миллион), “Yapı Kredi” (836 миллион), “Türk Telekom” (789 миллион) ва “Ford Otosan” (787 миллион) ҳам кучли ўнликда эътироф этилган.
Ўзбекистон – Туркия муносабатлари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатда янги саҳифа очилди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғоннинг сиёсий иродаси, қатъияти туфайли кўплаб йўналишларда ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Давлатимиз раҳбари республика иқтисодий имкониятини кенгайтириш, халқ фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотларни давом эттирмоқда. Мазкур сиёсатнинг муваффақияти Туркия билан ҳам боғлиқ. Мулоқот фаоллашуви, бевосита, икки давлат муносабатининг иқтисодий таркиби кенгайиб боришига хизмат қилмоқда.
Икки томонлама савдо кўлами ўсишининг юқори суръати яққол кўзга ташланади. Жумладан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маҳсулот айирбошлаш ҳажми 2020 йил якунига кўра, 2016 йилга нисбатан икки баробар ўсди ва 2 миллиард доллардан ошди. Яқин истиқболда эса бу кўрсаткични 5 миллиардга кўтариш белгиланган. Натижада Туркия Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шериги мақомини мустаҳкамлаши аниқ.
Ҳозир Туркия савдо ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг тўртинчи ҳамкори саналади. Сўнгги беш йил ичида турк сармояси иштирокида юртимизда фаолият юритаётган корхоналар сони 1,5 мингдан ошди. Мамлакатимиздаги турк корхоналари хорижий капитал иштирокидаги объектлар умумий миқдорининг 12 фоизини ташкил этмоқда.
Хуллас, Туркия иқтисодиёти ҳар жабҳада илғор. Ташқи савдо статистикасида Туркия иштирокини эътироф этиш, икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда мамлакат салоҳиятини алоҳида қайд этиш зарур.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА