Туркия ASEAN мулоқот ҳамкори мақомини олди
Туркия Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг (ASEAN) мулоқот ҳамкори мақомини олди. Бу қарор ASEAN мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари томонидан Манилада бўлиб ўтган йиғилишда қабул қилинди.
- Бу ривожланиш Осиё-Тинч океани минтақасида фаоллигимизни мустаҳкамлаш учун жуда муҳимдир, -деди Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан.
Унинг қўшимча қилишича, янги мақом Анқарага тахминан 700 миллион аҳолига эга ва иқтисодиёти 4 триллион доллардан ортиқ бўлган минтақа билан сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш имконини беради.
Фидан Туркиянинг ASEAN мамлакатлари билан савдо айланмаси 2010 йилдан бери 6,5 миллиард доллардан 16 миллиард долларгача ошганини таъкидлади.
Маълумот ўрнида: Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) Бруней-Доруссалом, Вьетнам, Индонезия, Камбожа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд ва Филиппинни ўз ичига олган минтақавий ҳукуматлараро ташкилотдир. 1996 йилда Россия Федерацияси ҳам ASEANнинг тўлақонли мулоқот ҳамкори бўлган эди.
С.Раҳимов, ЎзА