Туркий халқларнинг муштарак тилшунослик мероси
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида «Ўзбек тилининг жаҳон миқёсидаги ўрни ва нуфузини ошириш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Тадбир ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги «Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ўтказилди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мазкур институт ахборот хизмати маълумотига кўра, тадбирда мамлакатимизнинг таниқли тилшунос олимлари, шунингдек, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди. Бу эса анжуманнинг нафақат миллий тилшунослик, балки туркий халқлар ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришдаги аҳамиятини ҳам намоён этди.

Анжуманнинг ялпи мажлисини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов кириш сўзи билан очиб берди.
Ялпи мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, профессор Баҳром Абдуҳалимов, таниқли тилшунос олим, профессор Низомиддин Маҳмудов ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг табрик сўзлари тингланди. Маърузаларда ўзбек тилининг миллий ўзликни англаш, маънавий меросни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, уни замонавий илм-фан ва таълим тизимида кенг тарғиб қилиш ҳамда тилшунослик соҳасидаги илмий изланишларни янада ривожлантириш масалалари анжуманнинг асосий йўналишлари сифатида намоён бўлди.
Анжуман дастуридан ўрин олган хорижий олимларнинг илмий маърузалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Уларда туркий халқларнинг умумий тил ва маданият мероси, тарихий манбаларни ўрганиш, ўзбек тилини хорижда ўқитиш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлаш каби масалалар ёритилди.
Озарбайжон Фанлар академияси Тилшунослик институти директори Нодир Маммадли «Ўзбек-озарбайжон тилшуноси Холид Саиднинг “Девону луғотит турк” асари таржимаси хусусида» мавзусида маъруза қилди. Олим Холид Саиднинг илмий мероси, Маҳмуд Кошғарий асарини таржима қилишдаги хизматлари ва туркий халқларнинг муштарак тилшунослик меросини ўрганишнинг илмий аҳамияти ҳақида сўз юритди. Маърузада тарихий ёзма манбаларни чуқур тадқиқ этиш туркий тилларнинг тараққиёт босқичлари ва ўзаро алоқаларини англашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Қирғизистон Миллий фанлар академияси Тилшунослик институти профессори, филология фанлари доктори Бурул Сагинбаева «Туркий халқлар маданиятида аёл гўзаллиги: лингвомаданий ва тарихий-семантик таҳлил» мавзусида маъруза қилди. Унда аёл гўзаллиги ҳақидаги тасаввурларнинг туркий тилларда ифодаланиши, бу тушунчаларнинг тарихий илдизлари, миллий қадриятлар ва халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ жиҳатлари қиёсий таҳлил этилди.
Озарбайжондаги Туркий дунё тадқиқотлари маркази директори Мирзали Малейка Азер эса «Озарбайжонда ўзбек тилини ўқитиш масалалари» мавзусида маъруза қилди. Унда қардош юртда ўзбек тилини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, таълим ва илмий-маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. Маърузачи ўзбек тилшунослари ва зиёлиларини мазкур йўналишда янги ташаббуслар билан чиқишга чақирди.
Ушбу маърузалар ўзбек тилининг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашда тарихий меросни ўрганиш, замонавий таълим имкониятларидан самарали фойдаланиш ва хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳим эканини кўрсатди.

Ялпи мажлисда ўзбекистонлик олимларнинг маърузалари ҳам кенг ўрин олди. Профессорлар Иномжон Азимов, Абдулла Ўразбоев, Ёрқинжон Одилов, Муҳаммадхон Ҳакимов, Муйассар Сапарниёзова ҳамда тадқиқотчи Камола Юсупова жадидлар ва умумтуркий алифбо, мумтоз луғатлар, тил сиёсати, матн прагматикаси, тил экологияси ва давлат тилининг реклама маконидаги мавқеига оид илмий масалаларни ёритдилар.
Маърузаларда тилнинг тарихий тараққиётини ўрганиш билан бирга, унинг бугунги жамиятдаги вазифалари, замонавий коммуникация жараёнларидаги ўрни ва ривожланиш истиқболларига ҳам эътибор қаратилди. Айниқса, давлат тилининг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини мустаҳкамлаш, тил меъёрларига риоя этиш, терминологияни такомиллаштириш ва илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш масалалари долзарблиги билан ажралиб турди.

Илмий муҳокамалар жараёнида ўзбек тилини хорижий мамлакатларда ўқитиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий тилшунослик ва шевашуносликни ривожлантириш, миллий тилнинг бой луғавий имкониятларини кенг тарғиб қилиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Анжуман давомида билдирилган фикрлар ва илмий қарашлар ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги мавқеини мустаҳкамлаш кўп қиррали ва узлуксиз жараён эканини яна бир бор кўрсатди. Бу жараёнда илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, тилни хорижда ўқитиш тизимини ривожлантириш, замонавий луғатлар ва терминологик манбалар яратиш, шунингдек, ёш тадқиқотчиларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш муҳим ўрин тутади.
Халқаро илмий-амалий анжуман маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида тажриба алмашиш, долзарб илмий масалаларни муҳокама қилиш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун муҳим мулоқот майдони бўлди. Зеро, ўзбек тилининг жаҳон миқёсидаги нуфузини ошириш – бу нафақат тилшунос олимлар, балки таълим муассасалари, илмий марказлар, ижод аҳли ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этадиган муҳим вазифа. Она тилимизнинг бой имкониятларини дунёга танитиш, унинг илмий ва маданий салоҳиятини намоён этиш ҳамда халқаро мулоқотдаги ўрнини кенгайтириш йўлида бундай анжуманларнинг аҳамияти беқиёс.
Н.Усмонова, ЎзА