Туркий давлатлар ташкилоти судьялар кенгашлари раҳбарларининг тўртинчи йиғилиши
Самарқанд шаҳрида 22 май куни Туркий давлатлар ташкилоти Судьялар кенгашлари раҳбарларининг IV йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон Судьялар кенгашлари раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро тадбир иштирокчиларига мурожаати ўқиб эшиттирилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан бундай форматдаги форумлар мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик, судьялар ҳамжамияти органлари ўртасида амалий ҳамкорлик ва халқларимиз ўртасида самимий дўстлик муносабатларини кучайтиришда муҳим майдон экани таъкидланди.

Йиғилишда асосий эътибор туркий давлатлар судларида одоб-ахлоқ нормаларининг умумий стандартларини жорий этиш, судьяларни тайёрлаш самарадорлигини ошириш ва суд тизимини рақамлаштириш орқали одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, мазкур йўналишларда халқаро ҳамкорликни жадаллаштириш масалаларига қаратилди.

Йиғилиш якунларига кўра иштирокчилар Cудьялар одобининг умумий принциплари тўғрисидаги ўзаро англашув меморандумини қабул қилдилар. Ушбу ҳужжатда туркий давлатларнинг миллий ҳуқуқий анъаналари ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда судьяларнинг хулқ-атвор мезонлари белгиланди.


Туркий давлатлар ташкилоти Судьялар кенгашлари раҳбарларининг навбатдаги V йиғилиши Қозоғистон Республикасида ўтказилиши белгиланди.
ЎзА