Туркий давлатлар АКТ соҳаси масъуллари кенгашди
Самарқандда ўтказилаётган ICTWEEK UZBEKISTAN – ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологияларига масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг кенгаши бўлиб ўтди.
Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Амреев АКТ вазирларининг бу галги тўртинчи учрашуви Самарқандда шу йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши кутилаётган ташкилот давлат раҳбарлари саммити кун тартибига мувофиқлиги ва ҳамкорликнинг келгуси истиқболларини белгилаб олишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
– Бугун халқаро миқёсда Туркий давлатлар ташкилоти ўз муносиб ўрнини топиб, унга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланиб бораётган бир пайтда давлатларимизнинг ахборот коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлигини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этади, – деди Б.Амреев. – Сабаби бугун бутун дунёда, жумладан, туркий давлатларда ҳам инновацион ва рақамли экотизимлар кенг жорий этилмоқда. Савдо-иқтисодий алоқалар, экспорт ва импортда рақамли технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Бу фақатгина хусусий сектор учун эмас, давлатлар учун ҳам манфаатли тармоққа айланмоқда. Шу сабабли ташкилот аъзолари ўртасида IT-соҳасида интеграцияни чуқурлаштириш, биргаликда яратилган тизимлардан кенг фойдаланиш лозим. Бу борада айни пайтда Озарбайжон ва Туркия ўртасида рақамли технологиялар бўйича йўлга қўйилган тизим ўзини тўла оқлади ва энди унга бошқалар ҳам қўшилиши барчамиз учун манфаатли бўлади. Ёки Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган “ақлли шаҳарлар” бўйича ташаббусни ҳам биргаликда амалга оширишимиз учун барча асослар бор. Бугунги сингари учрашувларда ана шу масалалар юзасидан фикрлашиб олсак, айни муддао бўлади.
Йиғилишда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон республикалари вакиллари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириб, бир қатор ташаббус ва ғояларни баён этди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ташкилотга аъзо давлатларни рақамли технологиялар бўйича Европа билан боғлашда Туркия муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади. Қозоғистон Республикаси рақамли ривожланиш, инновация ва аэрокосмик саноат вазири Бағдод Мусин замонавий инновацион тизимларнинг “Касбий тармоғи”ни яратиш лойиҳаси ҳақида сўз юритди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан вазирлар томонидан меморандум имзоланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА