Туризм соҳаси молиявий қўллаб-қувватланмоқда
Сурхондарё вилоятида бешта туроператор ва олтита меҳмонхонага Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 292 миллион сўмга яқин мақсадли фоизсиз ссуда ажратилди.
Коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётига жиддий зарар етказаётган жорий йилда дунё туризми кутилмаган инқирозга юз тутди. Давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилган изчил чора-тадбирлар мамлакатимизда соҳани қўллаб-қувватлаб, пандемиянинг таъсирини юмшатишга хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳани қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим омил бўлаётир. Шунга мувофиқ юртимиздаги жойлаштириш воситалари ва туроператорларга мақсадли фоизсиз ссуда ажратиб, ходимларнинг иш ҳақисини тўлаш орқали сақлаб туриш йўлга қўйилди. Шу мақсадда Инқирозга қарши курашиш республика махсус жамғармасидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига тегишли маблағ ажратилган.
– Вилоятда 51 та меҳмонхона ва хостель, 38 туристик фирма мавжуд, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходими Хайрулла Холниёзов. – Мамлакатимизга коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалашининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин даврида сайёҳлар келмагани учун улар вақтинча ўз фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлди.
[gallery-139]
Бу эса туропетарторлар ҳамда меҳмонхона хўжалигига катта иқтисодий зарар етказди. Айни пайтда берилаётган мақсадли фоизсиз ссудалар ана шу зарарни юмшатишга кўмаклашаётир. Бунда меҳмонхоналарга ҳар бир жойлаштириш хонаси учун, турфирмаларга ходимлар сонига қараб маблағ ажратилмоқда. Жумладан, Термиз шаҳридаги “Otash” меҳмонхонаси мавжуд 45 та хонага 50 миллион 175 минг сўм, Бойсун туманидаги “Normat” меҳмонхонаси 40 та ўрин учун 44 миллион 600 минг сўм, Шўрчи туманидаги “Farovon” меҳмонхонаси 24 хонага 26 миллион 760 минг сўм мақсадли фоизсиз ссуда олиб, ходимларининг иш ҳақини тўлаб берди.
Вилоятда сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиб келган “Turon turizm trans stroy”, “Gulshoda trans turizm”, “Zodiak kasaba sayr” каби бешта масъулияти чекланган жамияти ҳам туроператорлари сонига қараб, 2 миллион 135 минг сўмдан 18 миллион 670 минг сўмгача мақсадли фоизсиз ссуда олди.
Маълумотларга кўра, вилоятда яна ўнга яқин турфирма ва меҳмонхона хўжалиги мақсадли фоизсиз ссуда олиш учун буюртма берган.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА