Туристик салоҳият янада равнақ топади
Муносабат
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани азалдан ўзининг табиати ва хушманзара жойлари билан дам олувчиларни ҳайратга солиб келган. Ҳудуд бир сўз билан айтганда туризм ривожига улкан ҳисса қўшишга энг қулай манзил саналади. Президентимизнинг Бўстонлиқ туманига ташрифи халқимиз ҳаётида шу кундаги байрамлар олдидан қувончли ҳодиса бўлди.
Хусусан, ҳудудда ўз ечимини кутиб турган кўплаб масалалар қатори Бўстонлиқнинг драйвери бўлган экотуризмни янада ривожлантириш борасида амалий кўрсатма ва йўл-йўриқлар берилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Шу ўринда айтиш керакки, туризм соҳаси дунё иқтисодининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Унинг кенг қамровли тараққиёти эса, кўплаб мамлакатлар учун катта даромад манбаига айланиб улгурган.
Ўзбекистон ҳам бугун дунёнинг кўплаб давлатлари қатори ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада тегишли инфратузилмани жаҳон стандартлари даражасида яратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш бўйича барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Келгусида сердаромад мазкур соҳа тармоқларини ривожлантириш, ҳудудларнинг, айниқса, табиатнинг, геотизимларнинг экотуристик ресурслари ва имкониятларидан янада самарали фойдаланиш иқтисодиётимизга жуда катта фойда келтириши тайин.
Бўстонлиқ тумани ҳам мана шундай экотуристик потенциали юқори ҳудудлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда хушманзара тоғлар бағридаги ҳудудда инфратузилма яхшиланиб, йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш имконияти яратилди. Дам олиш, соғломлаштириш, чанғи, саёҳат, умумий овқатланиш мажмуалари барпо этилди. Эски сиҳатгоҳ ва болалар оромгоҳлари янгиланди.
Беш йил аввал туманда 2 минг 240 ўринли 26 та маскан бўлган бўлса, шу даврда соҳага 2 триллион сўмдан зиёд инвестиция киритилиб, 13 мингдан кўп ўринга эга 59 та йирик туризм иншооти ишга туширилди. Асосий автомобиль йўли таъмирланиб, қўшимча йўллар қурилди.
Булар натижасида туризм жадал ривожланди, ташриф буюрувчилар 12 баробарга ошди. Ўша пайтлар Бўстонлиққа йилига 850 минг сайёҳ келган бўлса, бу йил 11 ойнинг ўзида 12 миллион нафар меҳмон келган. Айниқса, Чимён-Чорвоқ зонаси доирасида экотуризм хизматларини кўрсатаётган туроператорлик фирмалари самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бўстонлиқда давлатимиз раҳбари ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратгани бизнес вакилларини қўллаб-қувватловчи сиёсий куч бўлган партиямиз ходимлари ва фаолларини қувонтириш билан бирга зиммамизга улкан масъулият юклади. 5 мингдан ортиқ кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлган Чирчиқ дарёси бўйида қуриладиган “Чорвоқ дарвозаси” туристик мажмуасида мавсумийлари билан бирга 2 минг 500 та иш ўрни яратилиши ҳудуд аҳолиси турмуш фаровонлигига катта ҳисса қўшиши муқаррар.
Бинолар тепасига қуёш панеллари ўрнатилиши муқобил энергиядан самарали фойдаланиш имкониятини яратиши баробарида ҳудуд яшил иқтисодиёти ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг хизмат турларини кўпайтириб, фаол туризмни ривожлантириш, бундай мажмуаларни бошқа туманларда ҳам лойиҳалаштириш бўйича берган кўрсатмаси соҳада фаолият юритувчи тадбиркорларимиз учун катта имконият эшигини очди. Шунингдек, ҳудудда экологияга алоҳида эътибор бериш, яшилликни кўпайтириш муҳимлигига эътибор қаратилгани бежизга эмас.
Бу саъй-ҳаракатлар партиямизнинг келгуси беш йилликдаги Сайловолди дастурида ўз олдига белгилаб олган инфратузилма ва туризмни ривожлантириш борасидаги мақсад ва режаларига ҳамоҳанглик касб этди, десак асло муболаға бўлмайди. Негаки, партиямиз ҳам Янги Ўзбекистонда сайёҳлик индустрияси кенгайиши учун ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида ҳудудларнинг туризм мастер-режалари ишлаб чиқилиши асосий вазифалар сирасига киритилиб, агротуризм имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида “Агротуризм – 2030” стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф қилинган.
Республиканинг туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, биринчи навбатда транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасидаги муаммоларни тезкор ҳал этиш, мавжуд ресурслар ва имкониятлардан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча шароитлар яратиш ЎзЛиДеПнинг ўз олдига қўйган устувор мақсадларидан ҳисобланади.
Умуман олганда, Ўзбекистон йирик туризм салоҳиятига эга мамлакатлар қаторида ўз ўрни ва аҳамиятига эга экан, демак, биз мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишимиз керак.
Тўлқинжон Файзиев,
ЎзЛиДеП Тошкент вилоят Кенгаши раиси.
ЎзА