Туман давлат архиви янги бинода
Бухоро вилояти Шофиркон туман давлат архиви янги бинода иш бошлади.
Туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими учун янги бино қуриб берилгач, архив маъмурияти бўш қолган бинога кўчирилди.
Тадбир иштирокчилари архив биносида яратилган шарт-шароит билан танишди. Муҳими, эндиликда бинода архив ҳужжатларини сақлаш ҳамда ходимлар учун зарур барча шарт-шароит ҳозирланган. Бу чекка туман аҳолисининг архив хизматидан фойдаланишида қулайлик яратади.
Туман давлат архиви тарихига назар солсак, ташкилот 1947 йилда Ғиждувон туман давлат архиви таркибида ташкил этилган. 1965 йилдан давлат архивининг Вобкент туман филиалидан Шофиркон тумани аҳолисига хизмат кўрсатишга ўтган.1985 йилда Шофиркон туман Кенгашининг қарорига биноан Шофиркон туман архиви ташкил этилган.
2012 йил 5 апрелдан бошлаб Шофиркон тумани давлат архиви, деб қайта номланган ва фаолиятини давом эттирган. Архивдаги ҳужжатлар асосан ўзбек ва рус тилларида бўлиб, араб, лотин ва кирилл алифболарида ёзилган асл нусха ва нусхалар ҳамда электрон нусхалардан иборат. Ҳужжатли материаллар 1926 йилдан ҳозирги пайтгача бўлган даврни ўз ичига қамраб олган.
Бундан ташқари, давлат архивида ташкилот, корхона, муассасаларда ва колхозлар, ширкат хўжаликларида меҳнат қилган 14 мингдан ортиқ ишчи-хизматчининг иш ҳақини тасдиқловчи шахсий таркиб ҳужжатлари ҳам сақланади. Аҳамиятли жиҳати, давлат архивида тўпланган ва сақланиб келинаётган шахсий фондларда тумандан етишиб чиққан иқтидор эгалари, илм-фан намоёндалари, давлат арбоблари, ёзувчи ёки шоир адибларнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида, қолаверса, шофирконликларнинг иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонликлари тўғрисидаги ҳужжатли ва фото ҳужжатлар ҳам сақланмоқда.
[gallery-17214]
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Анвар Раҳматов, туман ҳокими Алишер Файзуллаев иштирок этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари