Туҳмат учун қандай жавобгарлик бор?
Интернет ривожланиб боргани сари турфа хил ижтимоий тармоқлар ҳам кўпайиб бормоқда. Бу ўзаро эркин фикр алмашиш, қизиқарли ва керакли маълумотларни осонгина излаб топиш имконини бераётир.
Бироқ, шу билан бирга турли ёлғон хабарлар, туҳмат каби иллатлар ҳам урчиб кетаётир. Энг ёмони, фитналарга сабаб бўладиган мафкуравий хуружлар ҳам йўқ эмас.
Интернет фойдаланувчиларининг кўпчилиги билдираётган фикрларининг оқибатларини яхши англайди, албатта. Аммо туҳмат, шахсий, диний қарашларни масхара қилиш каби ҳолатлар ҳам учрайдики, уларни кўриб бунга чек қўйиш зарурати долзарблашаётганини англаш мумкин. Чунки бу инсоннинг шаъни ва қадр қимматини камситишга қаратилган қилмишлар саналади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасига мувофиқ, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги кафолатланган.
Хўш, туҳмат ўзи нима? Жабрланувчи туҳматдан қандай ҳимояланиши керак? Шахс туҳмат учун қачон маъмурий ёки жиноий жавобгар бўлади? Унга қонунларимизда қандай жазо белгиланган?
Қуйида бу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Демак, била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, инсон шаъни, қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи ёлғон маълумотлар бериш туҳмат ҳисобланади.
“Туҳмат” деб топишнинг уч белгиси бор: туҳмат қилаётган шахс ўзининг тарқатаётган маълумоти ёлғон эканлигини олдиндан билади; маълумот бошқа жисмоний ва юридик шахсга нисбатан қаратилган бўлади; тарқатилаётган бу маълумотларда шахсни ёки ташкилотни шарманда қилиш эҳтимоли мавжуд бўлади.
Жиноят кодексининг 139-моддаси бўйича жавобгарлик юзага келиши учун аниқ маълумотлар мавжуд бўлиши мумкин ва аввалги ёки ҳозирги даврга тегишли бўлиши керак. Агар айбдор бошқа шахс ҳақида уни шарманда қилувчи, аммо ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотларни тарқатган бўлса, уни туҳматда айблаб, жавобгарликка тортиб бўлмайди.
Олий суд пленуми қарорига кўра, туҳмат деганда, юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, хизмат таърифномаларида, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан, оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.
Бундай маълумотларни шахснинг ўзига айтиш – маълумот тарқатиш, дея ҳисобланмайди. Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини оёқости қилувчи, обрўни тўкувчи маълумотлар, бадном этувчи, деб белгиланган.
Ишдаги камчиликларни, жамоат ва иш жойларидаги, турмушдаги феъл-атворини танқид қилувчи, ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотлар шахсни бадном қилувчи маълумотлар ҳисобланмайди.
Амалдаги қонун ҳужжатларида туҳмат қилган шахсга нисбатан унинг оғирлик даражасига қараб икки хил – маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига кўра, туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима белгиланиши мумкин.
Туҳматга оид ишлар бўйича суриштирув, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўриб чиқилади. Туҳмат қилган шахсга нисбатан жазо эса тегишли суднинг қарорига мувофиқ қўлланилади.
Суднинг қарорига асосан туҳмат қилганликда ифодаланувчи маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган шахс бир йил ичида ушбу ҳаракатни такрор содир этса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.
Бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш усули – оғзаки, ёзма, бирор тасвир кўринишидаги лавҳа ва ҳоказо усулда бўлиши мумкин. Айбдор томонидан била туриб ёлғон маълумотларни ҳеч бўлмаганда бир шахсга етказганда туҳмат жинояти бўлади.
Жиноят кодексининг 139-моддаси биринчи қисмига кўра, туҳмат у учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, жиноий қилмиш, дея баҳоланади. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан боғлиқ жаз қўлланилиши мумкин.
Агар туҳмат қилиш нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали амалга оширилган бўлса, бу қилмиш Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми билан квалификация қилинади.
Яъни бу ҳолатда жавобгарлик янада оғирлашади. Бундай ҳолатда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш каби жазолардан бири қўлланилиши мумкин.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш, деганда, ёлғон маълумотларни китобларда, газета ва журналларда, варақаларда ёки бошқа асарларда, радио, телеканал, видеода, интернет сайтларида намойиш қилиш орқали кенг оммага тарқатиш тушунилади. Мазкур ҳолат орқали амалга оширилган туҳмат жабрланувчига оддий туҳматдан кўра, катта маънавий зарар етказади.
Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми билан қуйидаги ҳолларда жавобгарлик келиб чиқади: оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб; оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда; хавфли рецидивист томонидан; ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса.
Бордию шахс оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб ёки оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда ёхуд хавфли рецидивист томонидан ёки ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилинса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир шахс туҳмат учун жавобгарлик мавжудлигини билиши шарт. Буни ёшларга ҳам ўргатиш, бошқа кишилар ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилишни уларга сингдириш жуда муҳим.
Шуҳрат Ҳайдаров,
ТДЮУ доценти.
ЎзА