Тренд: Ўзбекистон ва Озарбайжон парламентлараро алоқани мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов ҳамда Озарбайжоннинг Тошкентдаги янги тайинланган элчиси Рашод Маммадов ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Томонлар асосий эътибор икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масаласига қаратган.
Олий даражадаги мунтазам ташрифлар икки давлат шериклигини мустаҳкамлашда муҳим омил экани қайд этилди. Хорижлик дипломат таъкидлашича, Президентларимизнинг сиёсий иродаси туфайли муносабат барча соҳаларда амалий натижа билан бойимоқда. Тошкентда имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома эса кўп қиррали алоқаларни кенгайтиришда тарихий қадам бўлди.
Учрашувда парламентлараро мулоқот ва қонунчилик соҳасидаги тажриба алмашинувини фаоллаштириш олий даражада эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутиши алоҳида эътироф этилди. Самимий руҳда ўтган суҳбат якунида қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА