Транспорт дипломатияси: Ўзбекистон янги логистика марказига айланмоқда
Ўтган асрда давлатнинг иқтисодий аҳамияти кўп жиҳатдан унинг табиий ресурси, денгиз портига чиқиши ёки катта ички бозори билан белгиланар эди. XXI асрда бунга яна бир муҳим жиҳат – глобал таъминот занжирида эгаллаган ўрин ҳам қўшилди.
Бугун мамлакатнинг иқтисодий қудрати фақат нимани ишлаб чиқараётгани билан эмас, балки унинг ҳудуди орқали қандай товар оқимлари ўтаётгани билан ҳам баҳоланмоқда. Шу боис, транспорт инфратузилмаси энди муҳандислик объекти эмас, ташқи сиёсат ва иқтисодий стратегиянинг ажралмас қисмига айланди.
Мазкур жараён охирги йилларда янада тезлашди. COVID-19 пандемияси глобал таъминот занжирларининг қанчалик нозик масала эканини кўрсатиб берди. Айниқса, Россия – Украина низоси Евроосиёдаги анъанавий логистика йўналишларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Қизил денгиздаги хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар эса ташувлар хавфини оширди. Оқибатда давлат ва йирик компаниялар юкни биргина маршрут орқали эмас, балки бир нечта муқобил йўлаклар орқали ташиш стратегиясини шакллантира бошлади. Айнан шу жараён Марказий Осиёнинг аҳамиятини кескин оширди.
Бир вақтлар дунё харитасида денгизга чиқиш имконияти йўқ ҳудуд сифатида қаралган минтақамиз бугун Европа билан Осиёни боғлайдиган қуруқлик йўлагининг энг муҳим бўғинидан бири сифатида баҳоланмоқда. Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, CAREC ва TRACECA каби халқаро институтлар охирги ҳисоботларида Марказий Осиёни Евроосиё логистика тизимининг муҳим ҳалқаси сифатида қайд этмоқда.
Бу ўзгариш Ўзбекистон учун ҳам мутлақо янги имкониятлар очмоқда. Авваллари мамлакатнинг денгизга чиқиш имконияти йўқлиги ташқи савдо учун жиддий чеклов сифатида қаралган бўлса, бугун айнан унинг Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашгани стратегик устунликка айланиб боряпти.
2017 йилдан бошлаб ўлкамиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қўшни давлатлар билан транспорт боғлиқлигини кенгайтириш, янги халқаро йўлакларни шакллантириш ва давлатнинг транзит салоҳиятини ошириш белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев турли халқаро саммит ва музокараларда транспорт коридорларини ривожлантиришни иқтисодий интеграциянинг асосий шарти сифатида изчил илгари суриб келмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Марказий Осиёнинг рақобатбардошлигини ошириш, ташқи бозорга чиқишни кенгайтириш ва минтақа давлатларининг иқтисодий барқарорлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини бир неча бор таъкидлаган.
Бугун бу сиёсат алоҳида лойиҳалар йиғиндиси сифатида эмас, яхлит геоиқтисодий стратегия сифатида намоён бўлмоқда. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли, Трансафғон темир йўли, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, Термиз логистика маркази ва қўшни давлатлар билан транспорт инфратузилмасини уйғун ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар бир мақсадга хизмат қилмоқда. Бу ҳам бўлса Янги Ўзбекистонни Евроосиёдаги муҳим транспорт ва логистика марказларидан бирига айлантиришдир.
Марказий Осиё яна глобал логистика марказига айланмоқда
Дунё саҳнасидаги вазиятдан келиб чиқиб, илгари компаниялар учун ташиш харажати биринчи ўринда бўлган бўлса, бугун етказиб бериш барқарорлиги ва маршрут диверсификацияси асосий мезонга айланди. Бошқача айтганда, дунё бир йўлакка эмас, бир нечта ишончли йўлакларга эҳтиёж сеза бошлади. Ана шу эҳтиёж Марказий Осиёнинг аҳамиятини сезиларли даражада оширди.
Жаҳон банки экспертлари таъкидлаганидек, Евроосиёдаги савдо оқимларининг ўсиши ва таъминот занжирининг диверсификация қилиниши қуруқлик орқали ўтадиган транспорт йўлакларига бўлган талабни янада кучайтирмоқда. Бу жараёнда минтақамиз мамлакатлари географик жойлашувини иқтисодий афзалликка айлантириш имкониятига эга бўлмоқда. Минтақада ҳозир бир вақтнинг ўзида учта йирик стратегик транспорт ўқи шаклланмоқда.
Биринчи йўналиш Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли, иккинчиси Трансафғон темир йўли, учинчиси Транскаспий халқаро транспорт йўлагидир. Бу лойиҳаларни алоҳида кўриб чиқиш мумкин. Аммо уларнинг ҳақиқий аҳамияти ўзаро боғлиқлигидадир. Агар жаҳон харитасига назар ташласак, қизиқ манзара юзага келади. Шарқдан Хитой орқали келаётган юклар Қирғизистон орқали Ўзбекистонга кириши мумкин. Бу ердан уларнинг бир қисми Трансафғон темир йўли орқали Покистон портларига йўналади. Яна бир қисми эса Қозоғистон ва Туркманистон орқали Каспий денгизи соҳилига чиқиб, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа бозорларига етиб боради.
Яъни, Ўзбекистон битта транспорт йўлаги иштирокчиси эмас. У бир нечта халқаро логистика тизимлари туташадиган транспорт тугун (хаб) га айланишга интилмоқда. Биламизки, айрим мамлакатлар ягона халқаро йўлакка таянади. Ўзбекистон эса аксинча, ташқи савдо хавфсизлигини ошириш мақсадида турли йўналишларни бир вақтнинг ўзида ривожлантирмоқда. Бу эса геоиқтисодий хавфларни бошқариш стратегияси демак.
Агар муайян сиёсий ёки ҳарбий сабабларга кўра бир йўналишда муаммо юзага келса, мамлакат ташқи савдоси бошқа транспорт йўлаклари орқали давом этиши мумкин. Жаҳонда ёз бераётган сўнгги воқеалар айнан шундай диверсификациянинг аҳамиятини яққол намоён қилди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон иштирок этаётган ҳар бир транспорт лойиҳаси алоҳида инвестиция эмас, балки ягона стратегиянинг бир қисми ҳисобланади. Бу стратегиянинг марказида эса мамлакатнинг географик жойлашувини иқтисодий қийматга айлантириш ғояси турибди.
Шу боис ҳам кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев халқаро учрашувларда транспорт боғлиқлиги, янги транспорт коридорларини ривожлантириш ва минтақа ичида логистика инфратузилмасини уйғунлаштириш масаласини ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида мунтазам илгари суриб келмоқда. Бу ёндашув фақат Ўзбекистон учун эмас, балки бутун Марказий Осиёнинг глобал иқтисодий тизимга чуқурроқ интеграциялашувига хизмат қилади.
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли афзаллиги
Марказий Осиёда амалга оширилаётган транспорт лойиҳалари ичида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири ҳисобланади. Бунинг сабаби лойиҳанинг қиймати ёки муҳандислик кўламида эмас, унинг ҳақиқий аҳамияти Евроосиёнинг иқтисодий харитасини қайта шакллантириш имкониятида. Уч давлат ўртасида мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича узоқ йиллар музокара олиб борилди. Бир неча бор иқтисодий ҳисоб-китоблар қайта кўриб чиқилди, техник параметрлар ўзгартирилди. Фақат 2023 йилда амалий босқичга ўтишга хизмат қилувчи уч томонлама келишув имзоланди. 2026 йилга келиб эса қурилиш ишлари фаол босқичга ўтди. Темир йўлнинг умумий узунлиги тахминан 454 километрни ташкил этади. Маршрут Хитойнинг Қашқар шаҳридан бошланиб, Тўруғарт, Арпа ва Қорасув орқали Андижонгача етиб келади. Лойиҳани 2030 йилга қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Ҳозиргача Хитойдан Марказий Осиёга, кейин эса Европага йўналадиган юкларнинг катта қисми Қозоғистон орқали ҳаракатланади. Бу йўналиш йиллар давомида шаклланган, инфратузилмаси нисбатан ривожланган ва асосий қуруқлик маршрути вазифасини бажариб келмоқда. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли эса ушбу тизимга иккинчи мустақил қуруқлик йўлагини қўшади. Шу маънода, мазкур темир йўлнинг асосий вазифаси рақобат қилиш эмас, балки диверсификация қилишдир.
Темир йўллар фақат мавжуд товарларни ташимайди. Улар янги ишлаб чиқариш ҳудудларини ҳам шакллантиришга хизмат қилади. Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки таҳлилида таъкидланганидек, транспорт инфратузилмаси яхшиланган ҳудудларда инвестициялар оқими тезлашади, экспортбоп саноат корхоналари кўпаяди ва логистика хизматлари бозори кенгаяди. Шундай экан, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятининг аҳамияти ҳам ортади. Агар илгари Фарғона водийси асосан ички ишлаб чиқариш маркази сифатида қаралган бўлса, янги транспорт инфратузилмаси уни ташқи бозорларга яқинроқ боғлайдиган экспорт платформасига айлантириши мумкин.
Транспорт дипломатияси
Республикамиз сўнгги йилларда транспорт инфратузилмасини қуриш билан чекланмаяпти. Мамлакат ўз ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида транспорт дипломатиясини шакллантирмоқда. Бу атама кейинги йилларда халқаро муносабатларда тобора кўпроқ қўлланилмоқда.
Унинг моҳияти оддий: давлатлар транспорт йўлакларини фақат юк ташиш воситаси сифатида эмас, балки иқтисодий интеграция, инвестиция жалб қилиш ва ташқи сиёсий таъсирни кучайтириш воситаси сифатида ҳам қўллай бошлади. Ўзбекистоннинг бугунги сиёсати ҳам айнан шу ёндашувга асосланган.
Юртимиз бир вақтнинг ўзида шарқда Хитой билан боғловчи янги темир йўл, жанубда Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқиш, ғарбда Каспий денгизи орқали Кавказ ва Европа бозорлари йўналишларида янги транспорт тизимларини ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон муайян бир давлат ёки ягона транспорт коридорига қарам бўлиб қолмасдан, ташқи савдо учун бир нечта муқобил маршрутларга эга бўлишга интилмоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА