Трампга отилган ўқ Байденга “тегди”ми?
Байден ярим йўлда тўхтади. Унинг “вориси” маррани забт эта оладими?
Айни пайтда бутун дунё нигоҳи АҚШдаги президентлик сайловолди жараёнларига қаратилган, десак муболаға бўлмайди. Мамлакат етакчилиги учун номзодлар ўртасида кураш яна қизийдиган кўринади.
Воқеанинг илдизи АҚШнинг амалдаги раҳбари Жо Байденнинг 21 июль куни президентлик пойгасидан чиқишини эълон қилганидан сўнг бошланди.
Айниқса, Байден яқинда бўлиб ўтган Республикачилар партияси номзоди Дональд Трампга қарши дебатда муваффақиятсиз иштирок этганидан сўнг Демократик партия вакиллари Байденни сайловолди кампаниясидан чиқишга ундай бошлаганди.
Орадан бироз ўтиб, Трамп Байденнинг сайловда қатнашишдан воз кечишига изоҳ берди. Трампнинг “CNN”телеканалига берган баёнотига кўра, Ҳаррисни мағлуб этиш Байденга нисбатан осонроқ бўлади. Трамп шунингдек, Байденни "мамлакат тарихидаги энг ёмон президент" деб атади.
Ушбу воқеалар атрофида пайдо бўлаётган саволларга жавоб топиш мақсадида доимий экспертимиз – сиёсий фанлар доктори Фарход Каримовни қисқа суҳбатга чорладик.
– 81 ёшли АҚШнинг 46-раҳбари Жо Байден 2024 йилги президентлик сайловларини тарк этишини эълон қилди. Сизнингча, бунга ундаги физиологик ҳолат сабабми ёки Республикачи Трампнинг суиқасддан кейин обрўси ошиб кетганими?

– Биламизки, Трампга суиқасддан олдин ҳам Жо Байден у билан баҳсда анча орқада қолган эди. Асосий дебатлардаги суҳбатларда у нутқларидаги ноаниқликлар, соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли бироз пассив ҳолатда эди.
Билишимча, Байденнинг атрофидагилар ҳам бу вазиятни англаган ва Трампга суиқасддан олдин ҳам уни сайловдан четлатиш масаласи кўрилганди.
Суиқасд Трампнинг мавқеини жудаям ошириб юборгач, демократларнинг ғалаба қозониш имкониятлари бирмунча пасайиб кетди. Байден бу ишда ўзини айбдор ҳис қилмаслик учун ҳам бошқа номзод танлади ва ўзини четга олди.
Сиёсий таҳлилчилар фикрича, бу кетишда Дональд Трамп юқори кўрсаткич билан ғалабага эришади ва демократлар паст кўрсаткич қайд этади. Шунинг учун ҳам Байден ўзи ишонган ва куч-қувватга эга бўлган Камала Харрис номзодини илгари сурди. Сайловгача ҳали оз бўлсада фурсат бор ва шу вақт ичида демократлар Харрис тимсолини яратишга ҳаракат қилади.
– Юқорида айтганингиздек, Байден сайлов пойгасини тарк этгач, вице-президент Камала Ҳаррисни президентлик учун номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди ва демократларни "Трампни мағлуб этишга" чақирди. Фикрингизча, Ҳаррис Трампга муносиб номзод бўла оладими?
– Камала Харрис шундоқ ҳам ҳаммага маълум ва машҳур. Тўғри, у Байден даражасида ўзининг амбициялари билан омманинг эътиборини тортмаган, лекин у Қўшма Штатлар демократияси қонун-қоидаларини ўзига хос ҳолатда намоён қилиб чиққан. Яна бир жиҳат борки, унинг миллати осиёлик ва у мусулмонлардан келиб чиққан.
Эътиборли томони, у аёл киши сифатида юқори мартабаларга эришиш мумкинлигини исботлади. Харриснинг ҳам ўз ўрни бор, аммо Байден билан қиёслаганда тарозининг нариги палласида барибир Байден кўпроқ тош босиб туради.
Фикримча, демократлар бор кучи билан ҳаракат қилиб, Камала Харрис тимсолини янада яхшироқ қилиб кўрсатишади. Сабаби, АҚШда сиёсий ва пиар технологлар бор, шунинг учун ҳали ҳеч ким эшитмаган шиорлар, янгича ташаббуслар билан Харрис тимсолини кучайтирашади. Лекин нима бўлганда ҳам Трампнинг ҳозирги кундаги мартабасини инобатга оладиган бўлсак, Харрисга жуда қийин бўлиши аниқ.
– Йил давомида Қўшма Штатларда Дональд Трампга нисбатан бир неча айбловлар кузатилди. Ҳатто у бир неча бор суд курсисида сўроқ беришига ҳам тўғри келди. Бу ички муаммолар яқин келажакда Трампнинг давлат раҳбари бўлишига тўсқинлик қилиши мумкинми?
– АҚШ қонунларига кўра Трамп ҳатто қамалган тақдирда ҳам, агар сайловларда ғалаба қозонса, бемалол президент бўлиши мумкин ва панжара ортидан туриб ҳам давлатни бошқариши мумкин.
Бироқ Трампнинг ҳозирги кундаги мавқеи унинг қамалишига тўсқинлик қилади. Чунки бутун мамлакат ичида машҳур бўлган бундай шахснинг қамалиши фуқаролар норозилигига сабаб бўлиши турган гап.
Сиёсий тизим ҳам буни яхши билади. Шунинг учун бу жараёнлар Трампни қамаш даражасигача боради, деб ўйламайман.
– Ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида агар Трамп ғалаба қозонадиган бўлса, унинг Европа ҳамжамиятига бўлган муносабати, шунингдек, Россия-Украина, Исроил-Фаластин зиддиятига бўлган қарашлари қандай тус олади, деб ўйлайсиз?
– Албатта, Трамп яна сиёсий саҳнага чиқса, қандайдир ўзига хос қарорлар, ўзгаришлар бўлиши аён. Ва у ўз навбатида, Украина ва Россия, Исроил ва Фаластин низоларини ҳал қилувчи ташаббуслар билан чиқади.
Лекин АҚШ сиёсатида биламизки, халқаро майдонда мамлакатнинг ташқи сиёсий институтлари ҳаракат қилади, шунинг учун унинг фаолиятида кескин ўзгаришлар кузатилмаслиги мумкин.
– Фарход ака, қисқа, лекин мазмунли суҳбат учун ташаккур.
– Раҳмат!
Ўткир Алимов суҳбатлашди.
ЎзА