Трамп Ўмонга таҳдид қилди
Президент Дональд Трамп Ўмонга таҳдид қилди. Унинг айтишича, агар Масқат Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги Ҳурмуз бўғози бўйича музокарага халақит берса, Пентагон ушбу мамлакатга зарба бериши мумкин.
Ҳозир Эрон ва Ўмон бўғоз орқали савдо кемалари учун хавфсиз ўтиш йўли яратишга интиляпти. Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий икки давлат ўртасида бир неча масала келишиб олинганини айтди. Ҳурмуз орқали дунёда денгиз орқали ташиладиган нефтнинг қарийб чорак қисми ўтади.
Теҳрон бўғозни тўлиқ очишга ҳали рози эмас. Расмийлар бунинг учун қўшимча шарт бажарилиши кераклигини билдирган. Трамп эса Қўшма Штатлар бўғоз устидан тўлиқ назорат ўрнатганини таъкидламоқда. Табиийки, Эрон бу баёнотга кескин қарши чиқиб, бўғознинг очилиши ёки ёпилиши ўз қарори билан амалга ошишини билдирди.
Июнь ойида Вашингтон ва Теҳрон орасида тузилган 60 кунлик келишувга кўра, Эрон бўғозни очиши ва ядровий қурол яратмаслик мажбуриятини тасдиқлаши керак. АҚШ эса Ислом Республикасига нисбатан қўйилган денгиз тўсиғини олиб ташлаши ва санкцияни бекор қилиши лозим. Белгиланган муддат тугади, аммо асосий масала ҳал этилгани йўқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА