Трамп Эронга режалаштирилган ҳужумни бекор қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба кунига мўлжалланган Эронга қарши ҳарбий ҳужумни орқага сурганини маълум қилди, деб хабар берди Euronews.
Трампнинг айтишича, бу қарор Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарларининг илтимосидан сўнг қабул қилинган. Сабаб сифатида эса ҳозир жиддий музокаралар олиб борилаётгани кўрсатилган.
Трампнинг маълум қилишича, минтақадаги иттифоқчилар Теҳрон билан битимга эришилади деб ҳисобламоқда ва бу келишувнинг асосий шарти Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслигидир.
Шу билан бирга, АҚШ президенти ҳарбийларга зарбани бекор қилиш ҳақида кўрсатма берганини, аммо агар мақбул келишувга эришилмаса, Эронга қарши исталган вақтда кенг кўламли ҳужумга тайёр туриш буйруғи ҳам берилганини айтди.
Сўнгги кунларда Трамп Эронга нисбатан бир неча кескин огоҳлантиришлар билан чиққан эди. Хусусан, якшанба куни у тинчлик келишувига эришилмаса, “Эрондан ҳеч нарса қолмаслиги” билан таҳдид қилган эди.
Аввал ҳам Трамп Теҳрон учун бир неча бор қатъий муддатлар белгилаган, аммо кейинчалик бу қарорларидан чекинган ҳолатлар кузатилган.
Шу пайтгача томонлар Покистонда фақат бир марта музокара ўтказган. Апрель ойида эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш келишуви эса жуда нозик ҳолатда сақланиб турибди.
Эроннинг Fars агентлиги хабар беришича, Вашингтон Теҳронга беш банддан иборат таклиф йўллаган. Унда Эрондан фақат битта ядровий объектни сақлаб қолиш ва юқори даражада бойитилган уран захираларини АҚШга топшириш талаб қилинган.
Эрон эса ўз таклифида стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғозини бошқаришни давом эттиришини таъкидлаган. Бу денгиз йўли жаҳон энергетикаси учун муҳим ҳисобланади ва уруш бошланганидан буён Эрон уни асосан ёпиқ ҳолда ушлаб турибди.
Трамп эса Ҳурмуз бўғози ҳар қандай келишув доирасида очилиши кераклигини айтмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VXDbZaKsqEs" title="Tramp Eronga rejalashtirilgan hujumni bekor qildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА