Тожикистонда давлат байроғи куни нишонланмоқда
Тожикистонда давлат байроғи конституция, давлат герби ва мадҳияси билан бир қаторда тожик халқи ва мамлакатининг рамзи ҳисобланади.
Бу йил COVID-19 пандемияси туфайли ушбу байрам оммавий тадбирларсиз нишонланмоқда.
Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарор ушлаб турилганига қарамай, Республика штаби аҳолини байрам муносабати билан боғлиқ оммавий тадбирлар ўтказмай туришга чақирган. Шунга қарамай, шаҳар ва қишлоқларда байрам руҳи ҳукмрон.
Тожкистон Президенти Эмомали Раҳмон мамлакат аҳлини байрам билан қутлади. У ўз табригида миллат байроғи Тожикистоннинг тинч ва мусаффо осмонида абадий ҳилпираб туришини тилади, деб ёзади “Ховар” АА.
Бу йил Тожикистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганига 28 йил тўлди. У 1992 йил 24 ноябрда Тожикистон Олий Кенгашининг XVI сессиясида тасдиқланган. Тожикистон Президентининг фармонига биноан 2009 йилдан бошлаб ҳар йили 24 ноябрь давлат байроғи қабул қилинган кун сифатида байрам қилинади.
Таъкидлаш жоизки, 2011 йил сентябрь ойида Тожикистон Гиннеслар рекорд китобига киритилган эди. Тожикистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан Душанбе шаҳрида дунёдаги энг баланд байроқ ўрнатилганди. Мазкур байроқнинг баландлиги 165 метрни ташкил этади (аввалги рекорд 162 метр бўлиб, Озарбайжонга тегишли эди). Байроқнинг бўйи 60 метр, эни 30 метр, оғирлиги камида 700 килограмм келади.