Тожикистон ва Хитой раҳбарлари Абадий дўстлик тўғрисида шартнома имзоладилар
Тожикистон ва Хитой раҳбарлари Абадий дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзоладилар, деб хабар берди “Kazinform” агентлиги.
Тожикистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, олий даражадаги учрашув ва музокара якуни бўйича 31 янги ҳужжат имзоланган. Етакчилар Эмомали Раҳмон ва Си Цзиньпин янги даврда ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни ҳам тасдиқлаган.
Душанбе ва Пекин муносабатининг сифат жиҳатидан янги даражасини белгилаб, ҳамкорликнинг кенг доирасини қамраб оладиган мазкур ҳужжат сиёсий маслаҳатлашув, савдо-иқтисодий алоқа, маданий алмашинув ва хавфсизлик масалаларини ўз ичига олган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон раҳбарининг Хитой компаниялари вакиллари билан учрашуви якунида умумий қиймати 8 миллиард долларлик шартномалар имзоланди.
Г.Сатторова, ЎзА