Тойво Клаар: Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳотлар Европа Иттифоқида юксак баҳоланмоқда
Олий Мажлис Сенатига Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тойво Клаар ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш ҳамда устувор қўшма ташаббусларни амалга оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Т.Клаар Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар, парламент институти ролини кучайтириш ва қонун ижодкорлиги самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар Европа Иттифоқида юксак баҳоланаётганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга Европа Иттифоқи манфаатдор эканини билдирди.

Мулоқотда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тўлиқ кучга кириши икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди. Шу муносабат билан мазкур битимни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар парламентлари томонидан тезроқ ратификация қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, қонунчилик соҳасида илғор тажриба алмашиш, шунингдек, «Inter Pares» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган қўшма дастур ва ташаббусларни изчил давом эттириш юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқотни изчил давом эттириш, парламентлараро шерикликни янги босқичга кўтариш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни аниқ амалий лойиҳалар билан бойитиш бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олди.
Норгул Абдураимова, ЎзА