Тошкентда юқори технологияли рентген ускунаси ишлаб чиқарилади
Президентимиз тиббиёт ходимлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини кенгайтириш, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали импортни қисқартиришга доир қатор кўрсатмалар берган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида юқори технологияли рақамли тиббий рентген диагностика асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилди. Ташаббус доирасида “Techno Cable Group” ва Россиянинг «Медицинские технологии Лтд» компанияси ҳамкорлигида қўшма корхона ишга туширилди. Мажмуанинг очилиши муносабати билан брифинг ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
“TCЖ-MTL” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси юртимиз тиббиёт тизимини импорт ўрнини босувчи рақобатбардош замонавий жиҳозлар билан таъминлаш имконини беради.
Умумий қиймати 3 миллион долларлик ушбу лойиҳа йилига 12 турдаги 300 дона рақамли рентген ускунаси ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Хитой, Корея, Германия технологиялари ўрнатилган корхонада айни пайт 60 дан зиёд ходим доимий иш билан таъминланган.
Таълим масканлари билан саноат интеграциялашувига алоҳида эътибор қаратилиб, корхонада ўқув маркази ҳам ташкил этилди. Тадбир доирасида Чилонзор 1-сон касб-ҳунар мактаби билан “TCЖ-MTL” қўшма корхонаси ўртасида кадрларни тайёрлаш, ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Энди таълим муассасаси ўқувчилари бу ерда амалиёт ўташи, ишлаши мумкин.
- Электротехника саноати жуда тез ва жадал ривожланиб боряпти, - дейди мактаб директори Баҳодир Зиёмуҳаммедов. - Айни йўналишда малакали кадр тайёрлаш жуда долзарб. Касб-ҳунар мактабимиз замонавий, рақамли тиббий техника ишлаб чиқариш, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш бўйича мутахассис тайёрлайди. Ҳар йили шу йўналишга 30 ўқувчи қабул қилинади. Корхона билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ёшларимиз амалиёт ўташи, касб-ҳунар ўрганишига кенг йўл очади.
- Мажмуамизда рақамли, юқори технологик маммография ва тиббий рентгент асбоб-ускуналари тайёрланади, - дейди “TCЖ-MTL” ҚК ишлаб чиқариш директори Шерали Саидов. - Бундай жиҳозлар бугунги кунгача импорт қилиниб, логистика, божхона харажати туфайли тан нархи қимматга тушарди. Бундан ташқари четдан олиб келинган ускуналар учун сервис хизмати йўлга қўйилмаган эди. Энди ўзимизнинг маҳсулотга бир йил текин, саккиз йил давомида имтиёзли техник хизмат кўрсатилади. Товарни етказиб бериш, ўрнатиш ва созлаш бўйича сервис хизмати жорий қилинган. Қолаверса, корхонада тиббиёт муассасалари лаборатория шифокорлари онлайн тарзда ўқитилади.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари корхона фаолияти билан батафсил таништирилди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифати, афзаллиги хусусида тўлиқ маълумот берилди.
Республикамизда ягона бўлган “Юқори технологияли рақамли тиббий рентген диагностика асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиши мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг яна бир кўринишидир.
[gallery-6580]
Гўзал Сатторова, ЎзА