Тошкентда яна бир нуфузли турнир юқори савияда ўтди
Пойтахтимизда стол тенниси бўйича ёшлар ўртасидаги нуфузли халқаро турнир — “WTT Youth Contender Tashkent” мусобақаси ўз якунига етди.
Бир неча кун давомида дунёнинг турли давлатларидан келган иқтидорли спортчилар ғолиблик учун баҳс олиб борган мусобақа Ўзбекистон ёшлар стол тенниси мактаби учун ҳам муҳим синов вазифасини ўтади.

Қувонарлиси, мусобақада ёш стол теннисчиларимиз жами 10 та медални қўлга киритиб, халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ушбу натижалар мамлакатимизда стол тенниси бўйича ёшлар захираси шаклланаётгани ва иқтидорли спортчиларнинг янги авлоди камол топаётганини кўрсатмоқда.

Турнир давомида қуйидаги вакилларимиз терма жамоамиз ҳисобига медаллар келтирди:
Олтин медаль:
— Аделина Ҳасанова — U15 қизлар ўртасидаги яккалик баҳслари
— Хусен Искандаров — U13 ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳслари
— Амир Шириев — U11 ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳслари
— Хсин Цзенг — U11 қизлар ўртасидаги яккалик баҳслари.
Кумуш медаль:
— Амир Шириев — U13 ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳслари
— Жасмина Назарова — U13 қизлар ўртасидаги яккалик баҳслари
Бронза медаль:
— Раҳматилло Абдурашидов — U15 ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳслари
— Раҳматилло Абдурашидов — U15 аралаш жуфтлик баҳслари
— Лочинбек Абдуҳалилов — U13 ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳслари
— Ченг Ҳси Чанг — U13 ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳслари
— И Чинг Чианг — U13 қизлар ўртасидаги яккалик баҳслари
— Айдана Камалова — U11 қизлар ўртасидаги яккалик баҳслари.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Халқаро стол тенниси федерацияси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакат стол тенниси федерацияси раҳбарияти иштирок этиб, ёш спортчиларни эришган муваффақиятлари билан табриклади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА