Тошкентда Туркий давлатларда суд-ҳуқуқ таълими ва одил судловга бағишланган форум бошланди
Тошкент шаҳридаги «Hilton Tashkent City» меҳмонхонаси анжуманлар залида “Туркий давлатларда суд-ҳуқуқ таълими ва одил судлов: рақамли трансформация ҳамда илғор тажрибалар сари интеграция” мавзусидаги халқаро форум ўз ишини бошлади.
Форумда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатларининг суд-ҳуқуқ таълими муассасалари, бош прокуратуралари ҳузуридаги академиялар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров судьяликдек ниҳоятда масъулиятли ва, шу билан бирга, шарафли касб эгаларини тайёрлаш, амалдаги судьяларнинг малакасини ошириш алоҳида талаблар асосида ёндашиладиган ўта мураккаб вазифа ҳисобланишини қайд этди.

Шубҳасиз, одил судлов самарадорлигини таъминлаш, биринчи навбатда, судьяликка номзодларни қай даражада пишиқ-пухта, билимли, салоҳиятли қилиб тайёрлаш билан чамбарчас боғлиқ. Албатта, бу борада ҳар бир давлатнинг ўзига хос тажрибаси, ўзига хос ёндашувлари бор.
Ўзбекистон тараққиётининг сифат жиҳатидан янги бир босқичи бошлангач, мамлакатимизда бўлажак судьяларни тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашда ҳам жуда катта амалий ишлар қилинди.
Халқаро форумда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаси учун кадрларни тайёрлашда сунъий интеллектни замонавий педагогик восита сифатида қўллаш, судьяларни тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнида сунъий интеллектни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари, таълим жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш амалиёти каби мавзулар кенг муҳокама қилинади. Ўзаро фикр ва тажриба алмашилади.
Н.Абдураимова, ЎзА