Тошкентда “Руминия кино кунлари” ўтказилди
Пойтахтимизда ўтказилган “Руминия кино кунлари” Ўзбекистон ва Руминия ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Алишер Навоий номидаги кино саройида томошабинларга режиссёр Мариан Кришан томонидан суратга олинган “Warboy” фильми ва режиссёр Анна-Мария Комэнескунинг “Хория” фильми намойиш этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида расмий вакиллар, жамоат арбоблари, ёшлар ва талабалар иштирок этди. Маросимни Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ходими Александр Пинцов олиб борди.
Йиғинда сўз олган Руминиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Кристиан Чобану ўз фикрларини билдирди.
– Бу йил жуда муваффақиятли бўлди, -деди у. – Биз икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллигини турли тадбирлар билан нишонладик: ташқи ишлар вазирлари ўртасида табрик мактублари алмашилди, мен Тошкент давлат иқтисодиёт университетида маъруза қилдим, Ўзбекистон Бадиий академиясида тасвирий санъат ва инсталляциялар кўргазмаси ўтказилди, энди мана Руминия кино кунларини ҳам ўтказяпмиз. Шуни ишонч билан айта оламанки, алоқаларимиз йилдан-йилга мустаҳкамланиб, ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Шуҳрат Ризаев ҳам ўз чиқишида Руминия киносига ўлкамизда бўлган катта қизиқишни алоҳида таъкидлади. У келажакда ушбу йўналишда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имконият мавжудлигини қайд этди.
Анжуман сўнгида Руминия элчисига ўзбек кинематографиясининг 100 йиллиги муносабати билан эсдалик совғаси топширилди. Бир сўз билан айтганда, “Руминия кино кунлари” мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида барчанинг ёдида қолди.
Б.Худойбердиев, ЎзА