Тошкентда қиличбозлик бўйича Жаҳон кубоги баҳслари ўтказилмоқда
Пойтахтимиздаги «Ёшлик» спорт аренасида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтмоқда.
Ушбу мусобақа мавсумдаги иккинчи босқич бўлиб, унда 23 та мамлакатдан 352 нафар спортчи ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
Кеча ўсмирлар ўртасида ўтказилган беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муҳаммадали Турсунбоев иккинчи ўринни эгаллади.
Бугун эса ёшлар ўртасидаги мусобақалар бўлиб ўтмоқда. Унда мамлакатимиз шарафини 20 нафар спортчи ҳимоя қилмоқда.
[gallery-31860]
Қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги мусобақалари мавсуми ҳар йили сентябрь ойида бошланади. Мавсум давомида жами саккизта босқич ўтказилади.
Тошкентдаги халқаро мусобақа 11 октябрга қадар давом этади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА