Тошкентда Марказий Осиё чемпионати ўтказилмоқда
Бугун 29 сентябрь куни пойтахтимизда енгил атлетика бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги 2-Марказий Осиё чемпионати бошланди.
Ўзбекистон енгил атлетика федерациясидан маълум қилишларича, мусобақада 2004-2005 ва 2002-2003 йилларда туғилган ёшлар иштирок этмоқда.
Унда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Эрон ва мамлакатимизнинг 1000 нафарга яқин спортчилари ўз йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб боришади.
Бугун чемпионат дастурига биноан кун мобайнида 2004-2005 йилларда туғилганлар баҳслашади ва енгил атлетиканинг турли йўналишларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Эртага 30 сентябрь куни эса 2002-2003 йилларда туғилган ёшлар мусобақаларга киришади.
Мусобақа бош ҳаками Низом Тўхтабоевнинг билдиришича, ушбу мусобақа терма жамоалар учун келгуси йили Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари ҳамда 2024 йилги Париж олимпиадаси олдидан иқтидорли спортчиларни саралашда муҳим аҳамият касб этади.
Т. Рўзиев, ЎзА