Тошкентда Глобал кинология форуми ўтказилмоқда
Пойтахтимизда Жаҳон божхона ташкилотининг 7-Глобал кинология форуми ўз ишини бошлади.
Форумнинг очилишида Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ян Сандерс, Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов, шунингдек, Жаҳон божхона ташкилотига аъзо 50 дан ортиқ давлатларнинг божхона хизмати вакиллари ҳамда 15 дан ортиқ халқаро ташкилотлар экспертларидан иборат жами 150 нафардан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.
Давлат Божхона қўмитаси хабарига кўра, уч кунлик форум доирасида жаҳон божхона ҳамжамияти ва кинология соҳаси мутахассислари бир майдонда жамланиб, замонавий чегара-божхона хавфсизлиги, хизмат итларини тайёрлаш ва кинология хизматларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилади.
[gallery-31284]
Шунингдек, тадбир доирасида хизмат итларидан фойдаланишнинг замонавий усуллари, кинолог ходимларни тайёрлашнинг илғор ёндашувлари, ўқув жараёнларига инновацион технологияларни жорий этиш, хизмат итларини етиштириш ва ветеринария таъминоти, кинология инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда соҳада халқаро стандартларни қўллаш масалалари атрофлича кўриб чиқилади.
Зуҳра Мирзабоева, ЎзА