Тошкентда фавворалар яна жонланди
1 май — Фавворалар куни муносабати билан пойтахтимиздаги барча фавворалар яна ишга туширилди. Бу анъана ҳар йили баҳорнинг илиқ нафаси билан бирга шаҳарга алоҳида файз ва кўтаринкилик бағишлайди.
Эрталабданоқ шаҳар кўчаларида ҳаракат жонланди. Айниқса, Амир Темур хиёбони, Мустақиллик майдони ва барча истироҳат боғларидаги фавворалар атрофида одамлар гавжум. Ота-оналар фарзандлари билан сайр қилмоқда, ёшлар эса ранг-баранг сув жилвалари фонида суратга тушмоқда.

Шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан фаввораларнинг техник ҳолати текширилиб, аҳоли учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратилгани таъкидланди. Шунингдек, атроф-муҳитни тоза сақлаш ва жамоат тартибига риоя қилиш бўйича ҳам тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

—Катта ўғлим оиласи билан пойтахтда яшайди. Аёлим билан тез-тез меҳмонга келиб турамиз, — дейди Самарқанд вилоятидан келган Азим ота Мавлонов. — Бугун эрталабдан биргалашиб мустақиллик майдонига айланишга келдик. Шу ерга келсак, кўнглимиз ёзилади. Сувнинг шарқираши, одамларнинг кулгиси — барчаси юракка илиқлик беради. Илгари ҳам шундай жойларда ёшлигимиз ўтган, ҳозир эса хотиралар билан яшаяпмиз.

Шукр, юртимиз тинч, шундай гўзал кунларни кўряпмиз. Ёшлар ҳам шуни қадрласа, бизга шунинг ўзи етарли. Фавворалар нафақат шаҳар кўрки, балки ҳавони намлаб, атроф-муҳитга салқинлик бағишлайдиган муҳим омил ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, улар шаҳар экологиясига ижобий таъсир кўрсатиб, аҳоли учун қулай муҳит яратади.

Кечга яқин эса фавворалар янада гўзал манзара касб этади. Ёруғликлар билан уйғунлашган сув жилвалари пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига ҳақиқий байрам кайфиятини улашмоқда.
Шу тариқа, Фавворалар куни Тошкентда баҳор нафаси, гўзаллик ва ҳордиқни мужассам этган айём сифатида кенг нишонланмоқда.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА