Тошкент вилоятида сўнгги уч ойда беш ярим гектар тутзор мингдан ортиқ яккатут йўқ қилинган
Тошкент вилоятида йирик тут дарахтлари мавжуд. Ҳаттоки, Самарқанд ва Бухоро вилояти пиллакорлари пилла мавсумида ипак қурти озуқаси – тут баргларини пойтахт вилоятидан олиб кетар эди. Аммо вилоятда мана бир неча ойдирки тут кўчатларини кесиб ўтин қилиш ҳолатлари қайд этилмоқда.
Тошкент вилоятида йирик тут дарахтлари мавжуд. Ҳаттоки, пилла мавсумида Самарқанд ва Бухоро вилояти пиллакорлари ипак қурти озуқаси – тут баргларини пойтахт вилоятидан олиб кетар эди. Аммо вилоятда мана бир неча ойдирки тут кўчатларини кесиб ўтин қилиш ҳолатлари қайд этилмоқда.
– Аҳоли ва тадбиркорлар 30-40 йиллик дарахтларни ҳам бетартиб кесиб кетмоқда, – дейди Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани «Агропилла» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Комилжон Ортиқов. – Бир неча кун аввал эшик аравада тут шохларини олиб кетаётганларни кўриб, тўхтатдик. Улардан бу шохларни қаердан олганини аниқлаб, манзилга бордик. Суриштирдик. Маълум бўлишича, дарахтларни бошқалар кесиб кетган, бу одамлар майда шохларни йиғиб кетаётган экан. Экология масъулларини вазият ҳақида хабардор этган бўлсак-да, айбдорлар шу пайтгача топилмади.
Маълум бўлишича, Чиноз, Бекобод, Қуйичирчиқ, Янгийўл туманларида дала ва йўл четидаги кўп йиллик дарахтлар аёвсиз кесиб кетилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ноябрь, декабрь, январь ойлари давомида беш ярим гектар тутзор ва мингдан ортиқ яккатут йўқ қилинган.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар билан қизиқдик.
– Вилоят ҳудудида ўтказилган тезкор рейдлар давомида 20 га яқин мансабдор шахсга жарима жазоси қўлланилиб, зарар ундириб олинди, – дейди қўмита вакили Хуршид Ниёзов. – Тут дарахтига куз ва қиш ойларида шакл бериш, кесиш қатъиян тақиқланади. Дарахтларга ноқонуний шикаст етказганлик ва уларни кесганлик учун қонунчиликда жавобгарлик чоралари кўзда тутилган. Хусусан, битта дарахт кесилса, етказилган зарарга қараб, айбдорга энг кам иш ҳақининг 30 фоизидан тортиб, озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо тайинланиши мумкин.