Тошкент вилоятида 527 трансформатор пункти капитал таъмирдан чиқарилди
“Тошкент электр тармоқлари ҳудудий корхонаси” акциядорлик жамияти мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 10 июндаги республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2016-2017 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида 1 минг 517 километрдан ортиқ ҳаво тармоғи, 527 трансформатор пунктини мукаммал таъмирдан чиқарди.
“Тошкент электр тармоқлари ҳудудий корхонаси” акциядорлик жамияти мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 10 июндаги республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2016-2017 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида 1 минг 517 километрдан ортиқ ҳаво тармоғи, 527 трансформатор пунктини мукаммал таъмирдан чиқарди.Айни пайтда корхона томонидан электр энергиясини тежаш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш, энергия тежайдиган мосламалардан самарали фойдаланиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби йилдан-йилга ортиб бориши соҳа ходимлари масъулиятини янада оширади, – дейди “Тошкент электр тармоқлари ҳудудий корхонаси” акциядорлик жамияти директори И.Суворов. – Вилоятда энергия таъминоти узлуксизлигини таъминлаш, электр узатиш линияларининг узатувчанлик қобилиятини кучайтириш ҳамда истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўта юкланиш билан ишлаётган 18 трансформатор юқори қувватлисига алмаштирилди. Мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиши натижасида 214 маҳаллада электр энергия таъминоти яхшиланди.
Замонавий ахборот технологиялари энергия таъминоти соҳасига ҳам жадал кириб келаётгани аҳолига қатор қулайликлар яратмоқда. Масалан, бугунги кунда электр энергияси учун тўловларни онлайн тартибда амалга ошириш, фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналаридаги кўрсаткични “SMS-хабар” орқали компьютер базасига киритиш имконияти яратилди. Бунинг самарасида ҳисоблаш ускуналари кўрсаткичларини ҳисоб-китоб қилиш ва рўйхатга олиш яхшиланди. Тўловни амалга оширганлик ҳақидаги маълумот тўғридан-тўғри фойдаланувчининг шахсий ҳисоб-рақамига тушмоқда. Бугун деярли барча тўловлар айнан шу усулда амалга оширилмоқда.
“Тошкент электр тармоқлари ҳудудий корхонаси” акциядорлик жамияти вакиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 2 июндаги “Энергияни тежайдиган лампалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва улардан фойдаланишга босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Корхона мутахассислари томонидан люминесцентли лампа амалдаги чўғланма лампага нисбатан ёруғлик бериш даражасининг 180 люмень юқорилиги, иш коэффициентининг 35-37 фоиз, хизмат муддатининг камида 4 минг соат кўплиги, электр энергиясини 5 марта кам сарфлаши билан ҳар томонлама қулайлиги тушунтирилмоқда. Ҳудуддаги йирик корхоналар, ташкилот ва муассасаларда электр энергияси сарфини камайтириш бўйича кўзланган натижаларга эришилмоқда.
Йил давомида электр таъминотининг барқарорлиги истеъмолчиларга ҳам боғлиқ эканини унутмаслик лозим. Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясидан оқилона фойдаланиши ҳамда тўловларни ўз вақтида тўлаши таъминотда узилишлар бўлишининг олдини олишда алоҳида аҳамиятга эга.