Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида техникум битирувчилари ва иш берувчилар иштирокида "Карьера куни" меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Касбий таълим бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда ҳудуддаги йирик саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий ҳамкорлар ўзларида мавжуд бўш иш ўринларини тақдим этиб, ёшларни ишга жойлаштириш имкониятлари билан таништирди. Шунингдек, меҳнат ярмаркасида таклиф этилаётган иш ўринлари, меҳнат шароитлари, иш ҳақи миқдори ва хорижда меҳнат фаолиятини олиб бориш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Тадбир давомида битирувчилар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиб, ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш, касбий малака талаблари ва меҳнат фаолиятига оид саволларига жавоб олди. Суҳбат ва саралаш жараёнлари натижасида бир қатор ёшлар муносиб иш ўринларига эга бўлиш имкониятини қўлга киритди.
***
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Қуруқликдаги қўшинлар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ташкил этилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, Тошкент ҳарбий округи, Чирчиқ ҳарбий прокуратураси ҳамда институт ҳамкорлигида ўтказилган мулоқотда курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Жараёнда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони ва Чирчиқ ҳарбий прокурори мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Шунингдек, ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўз хизмат фаолияти давомида эришган ютуқлари, йўл қўйилган камчиликлар, улардан чиқарилган хулосалар ва тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашди. Бу эса курсантлар учун ҳарбий хизматнинг масъулияти ва раҳбарлик фаолиятига оид муҳим ҳаётий сабоқ бўлди.

***
Тошкент вилояти ҳокими ташаббуси билан Нурафшон шаҳрида шахмат бўйича вилоят ҳокими кубоги мусобақаси ташкил этилди.
Мазкур мусобақа юртимизнинг ёш ва иқтидорли гроссмейстери Жавоҳир Синдаровнинг "Жаҳон тожи" учун кечган кескин беллашувлари ортидан шахматга бўлган қизиқишни янада ошириш, ушбу спорт турини кенг оммалаштириш мақсадида ўтказилди. Унда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 100 нафардан зиёд шахмат ихлосмандлари иштирок этиб, ўзларининг интеллектуал салоҳияти, мантиқий фикрлаш қобилияти ва маҳоратларини намойиш этди.

Якуний натижаларга кўра, ғолиб ва совриндорлар 10 миллион, 7 миллион ҳамда 6 миллион сўмлик ваучерлар билан тақдирланди. Умумий соврин жамғармаси 100 миллион сўмни ташкил этган мазкур мусобақа турли ёш вакилларини бир майдонда жамлаб, шахмат нафақат спорт мусобақаси, балки тафаккур ва интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш воситаси эканини яна бир бор намоён этди.
А. Мусаев, ЎзА