Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Йўловчи” лойиҳаси доирасида Нурафшон шаҳрида пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва аҳоли ўртасида хавфсиз ҳаракатланиш маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда йўл ҳаракати иштирокчиларига пиёдалар ўтиш жойларидан белгиланган тартибда фойдаланиш, қўл кўтариб йўлни кесиб ўтиш, светофор ва йўл белгилари талабларига амал қилиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, йўлларда ҳушёр ва эҳтиёткор ҳаракатланиш, хавфсизликка риоя қилиш нафақат ҳайдовчи, балки ҳар бир пиёданинг ҳам масъулияти экани таъкидланди. Асосий мақсад йўл ҳаракати хавфсизлигини мустаҳкамлаш, пиёдаларда йўл қоидаларига амал қилиш кўникмасини шакллантириш ҳамда хавфсиз ҳаракатланиш маданиятини кенг тарғиб қилишдан иборат.
***
Оққўрғон туман тиббиёт бирлашмасида травматология ва ортопедия йўналишида мураккаб жарроҳлик амалиётлари замонавий технологиялар ва белгиланган стандартлар асосида ўтказилмоқда.

Операциялар Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари ҳамда Оққўрғон ТТБ шифокорлари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Муҳими, бу ерда яратилган имкониятлардан нафақат Оққўрғон, балки қўшни туманлардан келаётган беморлар ҳам фойдаланмоқда. Бу эса аҳолига узоқ ҳудудларга бориб сарсон бўлмасдан, ўз ҳудудига яқин жойда юқори малакали тиббий ёрдам олиш имконини бермоқда.
Жумладан, куни кеча яна бир беморга чап чаноқ-сон бўғимини тотал эндопротезлаш операцияси муваффақиятли бажарилди. Айтиш мумкинки, йил бошидан буён бу каби 100 дан ортиқ мураккаб операциялар амалга оширилди. Эҳтиёжманд беморларга бундай операциялар бепул бажарилмоқда.
***
Бекобод шаҳри, Бекобод ва Бўка туманларида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда Тошкент вилояти солиқ бошқармаси раҳбарияти ва ходимлари, ҳудудий солиқ инспекциялари вакиллари иштирок этиб, Президентимизнинг жорий йил 28 августдаги “Тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги белгиланган вазифалар ҳамда тадбиркорлар учун яратилган янги имконият ва енгилликлар ҳақида маълумот берди.

Мулоқотда кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга уч йиллик мораторий жорий этилгани, такрорий текширувлар учун Бизнес-омбудсман рухсати талаб этилиши ҳамда “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” тамойили асосида айрим камчиликларни бартараф этиш учун 10 кунлик муддат берилиши тушунтирилди. Шунингдек, “Иккинчи имконият” иқтисодий амнистияси доирасида солиқ қарздорлигини бартараф этиш, айрим ҳолларда пеняларни ҳисобдан чиқариш ва солиқ ҳисоботларидаги хатоларни мустақил тузатиш тартиблари ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутахассисларга мурожаат қилиб, қонунчилик талаблари ва муаммоларни ҳал этиш тартиби бўйича тегишли жавоб ва тавсиялар олди.
А.Мусаев, ЎзА