Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий дунёқарашини бойитиш мақсадида “Маънавият қалқони” республика китобхонлик танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари Қўмондонлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисм ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда 16 нафар ҳарбий хизматчи — 5 нафар офицер, 7 нафар сержант ва 5 нафар муддатли ҳарбий хизматчи иштирок этди.
Иштирокчилар “Зукколик ва билим” йўналишида 50 та тест саволи асосида ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди. Шунингдек, миллий адабиёт, китобхонлик ва маънавий мерос мавзуларида очиқ мулоқот ташкил этилди. Танлов ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларда мутолаага бўлган қизиқишни ошириш ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилди.
***
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Шахсий хавфсизлик тезкор ходимлари томонидан ҳамда ДХХ тезкор тузилмалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида бир фуқаро бошқарувидаги автотранспорт воситаси кузатувга олинди. Маълум бўлишича, мазкур шахс 8 нафар фуқародан фойдаланиб, уларнинг ҳар бирига 650 минг Россия рублидан бериб, “Навоий” чегара божхона пости орқали республика ҳудудидан хорижий валютани ноқонуний олиб чиқиб кетишни режалаштирган.

Тезкор тадбир давомида ушбу шахслар тўхтатилиб, белгиланган тартибда текширув ўтказилди. Натижада, республика ҳудудидан олиб чиқилиши режалаштирилган жами 5 миллион 191 минг Россия рубли миқдоридаги хорижий валюта маблағлари аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги “Нуронийлар маскани”да Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева бошчилигида очиқ мулоқот ўтказилди. Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йил 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ҳамда уларнинг ижросини таъминлашда депутатларнинг иштироки муҳокама қилинди.

Депутатлик назоратини кучайтириш, сайловчиларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш ва уларга амалий ечим топиш, фуқаролар билан бевосита мулоқот ҳамда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнда партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Муҳокамалар асосида ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва даромад манбаларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
А.Мусаев, ЎзА