Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Чирчиқ шаҳридаги Бирлик маҳалласи ҳудудида пиёдалар учун ер ости йўли қурилди. Мазкур бунёдкорлик ишлари Президентимизнинг топшириқларига мувофиқ амалга оширилди.
Ушбу иншоотнинг кириш ва чиқиш йўлаклари ҳар бири 23 метр, ички қисмининг эса узунлиги 41 метрни ташкил этади. Янги пиёдалар ер ости йўли ҳудудда пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қулайлик яратиш ҳамда транспорт қатнови юқори бўлган ҳудудларда хавфсиз ҳаракатланишни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

***
Тошкент вилоятида “Хавфсиз туризм” бўлинмалари тузилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг тегишли қарори чиқарилди. Унга кўра, Ангрен шаҳрининг “Лашкерак” ва “Янгиобод” МФЙда “Хавфсиз туризм”ни таъминлаш бўлинмасини ташкил қилиш ва “Мониторинг маркази”ни сервер қурилмаларига улаш харажатлари учун маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратилди.
***

Юқори Чирчиқ туманида стол тенниси бўйича U-13 ёш тоифасидагилар ўртасида Тошкент вилояти чемпионати бўлиб ўтди. Унда ҳудудлардан келган жами 110 нафар спортчи ўғил-қиз иштирок этди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда ёш спортчилар ўз маҳоратларини намойиш этиб, ғолиблик учун кураш олиб борди. Якунда энг кучлилар аниқланиб, муносиб тақдирланди.
А.Мусаев, ЎзА