Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари билан бевосита мулоқот қилиниб, бизнес юритиш жараёнида учрайдиган тўсиқлар, монелик ҳолатлари ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув давомида тадбиркорлар ҳамда фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан мурожаат ва таклифлар қабул қилинди. Бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда соғлом рақобат муҳитини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.


***
Президентимизнинг тегишли қарорига асосан Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш ҳамда ҳудудларда кенг кўламли ижтимоий ҳимоя ишларини амалга ошириш белгилаб берилди.
Шу асосда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент вилоятидаги қарийб 15 минг нафарга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида Қибрай тумани Наврўз маҳалласидаги хонадонларда эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди ҳамда эзгу дуолар қилинди.
Эзгу ва саховатга йўғрилган бундай ташаббуслар халқимиз ўртасида меҳр-оқибат ва инсон қадри юксак қадрланаётганининг яна бир амалий ифодасидир.


***
Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарлари ҳамда Юқори Чирчиқ туманида спортнинг гандбол, стол тенниси, бокс ва велоспорт турлари бўйича “Тошкент вилояти ҳокими Олимпиадаси” мусобақалари ташкил этилди.
Унда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган жамоалар ғолиблик учун ўзаро куч синашди. Беллашувлар давомида спортчилар ўз маҳорати, матонати ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди.

Мазкур мусобақалар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортга бўлган қизиқишни янада ошириш ҳамда иқтидорли спортчиларни кашф қилишда муҳимдир.
А.Мусаев. ЎзА.