Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Ватанпарвар” ҳарбий-спорт мусобақасининг “Ватан таянчи” аъзолари ўртасидаги Тошкент вилояти босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур мусобақа Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилоят Кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Зангиота туманида жойлашган ҳарбий қисм ҳудудида ўтказилди.
Жараёнда иштирокчилар турли шартлар асосида ўзаро беллашиб, нафақат жисмоний чиниқиш, балки жамоавийлик, чаққонлик ва матонат борасида ҳам ўз имкониятларини намоён этди. Тадбир ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлигини ошириш, ҳарбий хизматга бўлган қизиқиш ва масъулият ҳиссини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

***
Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида янги болалар бўлими фаолият бошлади.
Илгари шаҳар аҳолиси учун алоҳида болалар касалхонаси мавжуд бўлмагани сабабли, улар вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт муассасасига мурожаат қилишга мажбур эди. Бу эса қатор ноқулайликларни келтириб чиқарарди. Янги бўлимнинг очилиши аҳоли учун катта енгиллик бўлди.
Айни пайтда бўлим 30 ўринли бўлиб, шундан 5 ўрин болалар патологияси ва 3 ўрин реанимация учун ажратилди. Шунингдек, бўлимда малакали шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларидан иборат жамоа шакллантирилди. Муассаса тўлиқ электрон рақамлаштириш тизими орқали иш олиб боради.
Маълумотларга кўра, ҳудудда 18 ёшгача болалар сони қарийб 50 минг нафарни, 1 ёшгача бўлган болалар эса 2 минг 633 нафарни ташкил этади. Ўтган йили шаҳарда 101 ўринли туғруқ бўлими ҳам ташкил этилган эди.


***
Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган меҳнат ярмаркасига ишсиз алимент тўловчилар, ҳарбий хизматни ўтаб қайтганлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари ҳамда ишсиз хотин-қизлар жалб этилди.
Жараёнда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, саноат, тиббиёт, таълим ва қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича бўш иш ўринлари таклиф этилди. Мазкур тадбирда 83 та корхона, ташкилот ва ҳунармандлар иштирок этиб, жами 2 минг 135 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Ярмаркада 305 нафар фуқаро иштирок этди.


Натижада 17 нафар фуқаро ишга жойлашиш учун йўлланма олди, 15 нафар фуқаро турли йўналишлар бўйича йўналтирилди. Шу билан бирга 77 нафардан ортиқ фуқаро ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари билан қамраб олинди, 90 нафардан ортиқ фуқарога меҳнат қонунчилиги бўйича маслаҳатлар берилди.
А. Мусаев, ЎзА